"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Хитойлик ёшлар юртимиздаги ишбилармонлик муҳити ҳақида хулосалар тайёрлайди


“Тараққиёт стратегияси” марказига “Prezident X” Хитой ёшлар дастури иштирокчилари ташриф буюришди. Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) турли олий ўқув юртларидан 20 нафардан зиёд талабанинг Тошкент шаҳрига сафаридан кўзланган мақсад, халқимизнинг ўзига хос хусусиятлари ва анъаналари, шунингдек, иқтисодиёт ҳамда сиёсий ривожланишни чуқур ўрганишдан иборат.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори Элдор Туляков меҳмонларни самимий қутлаб, бугунги кунда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар серқирра эканини қайд этди. Шунингдек, давлат даражасида кўплаб лойиҳалар, хусусан, таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилганлигига алоҳида урғу берилди.

Марказ мутахассислари хитойлик талабаларни “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятининг асосий йўналишлари, ўрта муддатли истиқболдаги мақсад ва вазифалари, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича илгари қабул қилинган Давлат дастурлари мониторинги натижалари билан таништирдилар. Учрашув давомида хорижлик талабаларга Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ҳақида видеоролик тақдим этилди.

Ўз навбатида, Марказ директори Э.Туляков Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, иқтисодий, хусусан, ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Учрашув чоғида Марказ мутахассислари томонидан қонунчиликни ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, туризм, хорижий инвестицияларни жалб қилишга оид берилган маълумотлар хитойлик талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқот давомида “Hi China” ёшлар иттифоқи президенти Лю Си хоним “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбариятига самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдириб, Ўзбекистонга ташриф буюрган ушбу гуруҳнинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Делегация томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган кўплаб учрашувларда ўзаро алоқалар фаоллашгани ва қўшма дастур ҳамда ҳамкорликдаги лойиҳаларининг муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ташриф ўз якунига етгач, ХХР талабалари Ўзбекистонга инвестиция қилишнинг энг фойдали жиҳатлари, ишбилармонлик муҳити ва хорижий компаниялар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ўз юртдошлари учун маълумот ва тавсиялар тайёрлайдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати