"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ислом молияси: муҳокамада уни Ўзбекистонда ривожлантириш масаласи


“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан, 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида “Ўзбекистон Республикасида Ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир БМТ Тараққиёт Дастури, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил қилинмоқда.

Унда тегишли вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро молия институтлари, Ўзбекистоннинг тижорат банклари, халқаро экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, кириш қисмида БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ва Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хусан Хасановлар ҳам сўзга чиқдилар.

Бугунги кунга келиб, дунё молия бозорида Исломий молиялаштириш ғоятда долзарб манбага айланиб бормоқда. Буни исломий молиялаш ҳар йили 15-20% ўсишга эришаётгани ҳам тасдиқлайди. Исломий банкинг жаҳон бўйича  400 дан ортиқ молия институтлари томонидан амалиётда қўлланиб келинмоқда, унинг йиллик айланмаси 800 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.

Шу боисдан, Ҳаракатлар стратегияси асосида йирик ислоҳотларга юз бурган мамлакатимиз миллий молия секторини ривожлантиришда исломий молиялаштириш муҳим ўрин тутади. Хусусан, Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришнинг янги истиқболли йўналишларини жорий этиш, давлатнинг инвестициявий жозибадорликни ошириш, банк маҳсулотлари, исломий қимматли қоғозлар ва ҳ.к.лар каби молия бозорининг муқобил воситаларини яратишда исломий молиялаштириш муҳим ўрин тутади.

Аммо уни тезлик билан жорий қилиш имконсиз. Зеро, шариат қонунларига мувофиқ амалга оширилмаган миллий Қонунчилик ва дунёвий давлатнинг институционал жиҳатдан ривожланган менталитети каби омилларни изчил ўрганиш зарур. Бу масалалар эса, тегишли билим ва тажрибага эга бўлган мутахасссисларни бир жойга жамлаб, давлат учун энг қулай ва самарали ёндашувни шакллантириш орқали ўз ечимини топиши мумкин. Шу боис. муҳокама жараёнида мазкур масала юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати