"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Хитойда таълим олиш учун қандай имкониятларга эгамиз?


Ўз олдига ўқиш, билим олиш, муайян тилни пухта эгаллаш орқали етук мутахассис бўлишни мақсад қилган ёшлар орамизда кам эмас. Буни Хитойнинг биргина Цзяньсу провинциясида Ўзбекистондан 800 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олаётгани ҳам кўрсатиб турибди. Уларнинг 727 нафари бакалавр босқичи талабаларидир. Умуман, аҳолиси 80 млн.дан ортиқ бўлган провинцияда 159 та олий таълим муассасалари фаолият олиб боради.

Маълумки, “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим ўрин тутади. Бунда марказ ҳамда Хитойнинг “Салом, Хитой” ёшлар ривожланиши бўйича халқаро альянси (“Hi China International Youth Development Alliance”) ўртасидаги самарали ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ҳамкорлик натижасида яқинда “President X” лойиҳаси муваффақият билан амалга оширилган эди.

Навбатдаги лойиҳа ҳам долзарблиги ва амалий аҳамияти билан кўпчилик талаба ёшларимиз эътиборини ўзига қаратди.

Зеро “Тараққиёт стратегияси” маркази таклифига биноан, Хитойнинг Цзяньсупровинциясдаги йирик ва нуфузли 19 та олий ўқув юртидан академик, профессор ва тадқиқотчилар гуруҳи мамлакатимизга ташриф буюрди. Ташриф доирасида марказ мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бир қатор Университет ва институтлар вакиллари ҳамда талабалар учун делегация аъзолари ва юртимиздаги Хитой элчихонаси масъул ходимлари томонидан тақдимот тадбири ўтказилди.

Унда юртимиз талабаларининг Хитой олий таълим муассасаларида таҳсил олиш ҳамда малака ошириши каби масалалар бўйича мавжуд имкониятлар хусусида батафсил ахборот берилди.

Лю Си хоним,“HiChina” ёшлар иттифоқи президенти:

-Хитойда таълим олиш жуда қадрланади. Юртимиздаги бир қанча университетлар, аллақачон халқаро даражадаги олийгоҳлар қаторида эътироф этилади. Шу боис, ўйлайманки, Ўзбекистон билан соҳадаги ҳамкорлик аввало, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини оширади.

Цзяньсу Хитойнинг энг ривожланган провинцияларидан бири. Бу ердаги мавжуд олий таълим муассасаларининг вакиллари сифатида келдик. Мақсадимиз, Ўзбек талабаларини ўзимиздаги таълим жараёни билан яқиндан таништириш.

Университетларимизда ўқишнинг асосий учта йўли бор. Биринчиси – 4 йиллик бакалавр ва 2 йиллик магистратурадан иборат тўлиқ ўқув дастури. Иккинчиси – бир йиллик таълим. Учинчиси – Хитойда тил ўрганиш. Барчасида стипендия олиш имконияти мавжуд.

Шуни айтиш жоики, биз университетларимизнинг филиалларини очиш ҳамда маҳаллий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликка доим тайёрмиз.

Ши Сюэчин, Чангджоу университети вакили:

-Фаолиятимнинг асосини хорижлик талабалар билан ишлаш ташкил этади. Университетимизда 100 га яқин ўзбекистонлик талабалар таҳсил олишади. Улар билан албатта, дўстона муносабатдамиз.

Шу боис, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ташкил этилган бугунги тақдимотдаги иштироким ҳам уларнинг эътиборидан четда қолмади. Умид қиламанки, ўзим билан олиб келган тарғибот воситаларим, алоҳида тайёрланган видеоролик иштирокчиларга маъқул бўлди. Улар билан йўлга қўйилган мулоқот университетимизда Ўзбек талабалари сони ортишига хизмат қилишидан умидворман.

Джоу Шидзен, Цзяньсу университети вакили:

-Бугунги кунда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар шиддат билан ривожланмоқда. Цзяньсу провинциясида талабалар алмашинуви дастурини муваффақиятли амалга оширувчи кўплаб университет ва коллежлар бор. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашгани боис, Цзяньсу провинциясида ўзбек талабалари сони тобора ортиб бормоқда.

Ҳозирда бизнинг университетда 10 дан ортиқ, умуман, Цзяньсу провинциясида эса 827 нафар ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда.

Бугунги тадбир Ўзбекистон талабалари учун Хитойдаги, айниқса, Цзяньсу провинцияси таълим тизими ҳақида кенг маълумот беради. Ўйлайманки, келажакда ўртамизда талабалар алмашинуви янада ривож топади, тараққий этади.

Маълумки, 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакат тараққиётининг асосий омили бўлган етук мутахассисларни тайёрлаш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, мутахассисларнинг замонавий талаблар асосида билим ва кўникмаларни ўзлаштиришига жиддий эътибор қаратилмоқда. Дунё бўйича етакчи олий ўқув юртларининг Ўзбекистонда филиаллари очилмоқда. Ўз навбатида, хорижда таълим олиш имкониятлари кенгайди.

“Тараққиёт стратегияси” марказининг ушбу ташаббуси ушбу имкониятдан унумли фойдаланиш истагида бўлган ёшлар учун, айниқса, аҳамиятлидир. Зеро тақдимотлар орқали талабалар бевосита Хитой вакилларидан ўқиш учун мавжуд имкониятлар билан танишдилар. Мулоқотлар давомида ўзиларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати