"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚОНУННИ АМАЛИЁТГА ЖОРИЙ ЭТИШ САМАРАДОРЛИГИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


2019 йилнинг 23 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Олий суд ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЦ) билан ҳамкорликда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалиётга жорий этишнинг долзарб масалалари мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун 2018 йилнинг 8 январь куни Президент томонидан имзоланган ва жорий йилнинг 8 январидан кучга кирди. Унинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, асосий вазифалари сифатида маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

Давра суҳбатида ана шулар ҳақида фикр юритилиши баробарида, мазкур Қонун нормаларини амалиётда қўллаш муаммолари, бу борада самарадорликка эришиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айтиб ўтилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришнинг зарур институционал ва ташкилий механизмлари шакллантирилди, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотларининг қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд маъмурий тўсиқларни, сансалорлик ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Умуман олганда, давлат идоралари ва ташкилотларининг маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган.

Таъкидланганидек, бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, «Тараққиёт стратегияси» маркази билан GIZнинг «Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни илгари суриш» дастури ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирларнинг сифати ва натижадорлигини янада ошириш мақсадида, ушбу Қонунни амалиётга жорий этувчи бир қатор вазирлик ва идоралар ўртасида сўровномалар ўтказилди ва Қонун талабларига риоя этилиши ҳамда ижроси тўғрисида таҳлилий маълумот тайёрланди.

Элдор Туляков, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори:

- “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги”ги Қонун амалиётга тўлиқ жорий этилиши зарур. Чунки мазкур ҳужжат айнан аҳолини бирон бир масала юзасидан давлат органларига мурожаат қилган вақтида турли расмиятчиликлар-у бюрократик тўсиқларга дуч келмай, иши осон ва қисқа вақт ичида битишига хизмат қилади. Лекин, очиқ айтиш керак, ушбу Қонун барча маъмурий органларда ҳам самарали ишлаётгани йўқ. Тўғри, бу 2018 йили қабул қилинган ва 2019 йил январь ойидан кучга кирган янги Қонун. Шундай бўлсада, унинг тўлиқ ишлашини кутиб ўтириш эмас, балки уни амалиётга жорий этишдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш керак. Шу нуқтаи назардан, “Тараққиёт стратегияси” маркази 50 дан ортиқ давлат идоралари ўртасида Қонунни амалиётга жорий этилиши самарадорлигини мониторинг қилиш бўйича сўровнома ўтказди. Тўпланган маълумотлар таҳлил қилинди ва ушбу жараёнга халқаро экспертларни ҳам жалб этдик. Чунки Марказнинг асосий вазифаларидан бири илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳисобланади.

Бугунги давра суҳбатида ГФР федерал ижтимоий суди раиси ўринбосари, маъмурий ҳуқуқ соҳасида халқаро эксперт Томас Фёльцке «Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида Германия тажрибаси ва маъмурий судда ҳуқуқнинг қўлланилиши» мавзусида ўз маърузаси билан қатнашди. Эътироф этиш жоиз, бугунги мавзу жуда қизғин муҳокама қилинди, ўринли таклиф ва тавсиялар билдирилди. Шундан келиб чиқиб, Марказимиз томонидан бу таклифлар умумлаштирилади, таҳлил қилинади, янада такомилига етказилгач, тегишли идораларга юборилади.

Маъмурий тартиб-қоидалар соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий ташкил этишнинг аҳамияти ҳақида сўз борар экан, бу бир томондан, давлат идоралари ўртасида вужудга келадиган ўзаро муносабатларни, иккинчи томондан эса, кўплаб бўйсунмайдиган субъектлар – фуқаролар ва ташкилотларни ҳуқуқий тартибга солишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Бинобарин, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларида қонунийлик ва шаффофлик даражасини ошириш, стандартлаш ва маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш тартиб-таомиллари соддалаштириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш орқали сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини, маъмурий-ҳуқуқий соҳада юзага келадиган муносабатларни тизимли ҳуқуқий тартибга солишнинг уйғунлигини таъминлайди, маъмурий тўсиқ ва ғовларни бартараф қилади, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат органлари томонидан маъмурий ҳужжатларни ўз вақтида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этишнинг аниқ механизмларини кўрсатиб беради.

Томас Фёльцке ГФР федерал ижтимоий суди раиси ўринбосари, маъмурий ҳуқуқ соҳасида халқаро эксперт

- Ўзбекистонга келишимдан мақсад суд-ҳуқуқ соҳасидаги хамкасблар билан тажриба алмашишдир. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун билан танишиб чиқдим. Айтишим керакки, Германиядаги қонунчилик билан ўхшашликлар жуда кўп. Бунинг ўзи ушбу ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганда хорижий тажриба яхши ўрганилганидан далолат беради. Лекин шунга қарамай, ҳужжат тилини бироз соддалаштиришни тавсия қиламан. Сабаби, у биз германиялик мутахассислар учун ҳам бироз мураккаб. Агар у амалиётда яхши ишласа бу мамлакатингизга инвесторлар қизиқишини ҳам оширади. Эътиборимни тортган жиҳатлардан бири мамлакатингизда маъмурий органларнинг “Ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизимига ўтказилгани бўлди. Бизда, яъни Германияда бу жараён бироз мураккаб, яъни давлат хизматларини кўрсатувчи алоҳида марказлар йўқ. Ягона дарча марказлари орқали хизмат кўрсатиш бу аҳоли учун жуда қулай ва пухта ўйланган ечимдир. Албатта, “Тараққиёт стратегияси” марказининг хориж тажрибаларни мужассамлаб, ўрганиб чиқиш ва таклифлар тайёрлаш борасидаги ташаббуси ва фаолиятини ҳам жуда ижобий баҳолайман.     

Тадбир давомида иштирокчилар хорижий давлатларнинг маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилиги ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати