"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФ: ЎЗБЕКИСТОННИНГ РЕЙТИНГИ ШИДДАТ БИЛАН ЮКСАЛМОҚДА


Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил охирида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ташқи сиёсат борасида эришилган ютуқлар алоҳида таъкидланиб, бу борада галдаги вазифалар сифатида дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш масаласи қўйилган эди. Дарҳақиқат, кейинги қисқа давр мобайнида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Айниқса, жаҳон миқёсидаги халқаро ижтимоий-иқтисодий рейтинглар орасида, биринчи навбатда, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” (“Doing Business”) рейтинги биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Маълумки, мазкур рейтинг ҳисоботи Жаҳон банкининг ҳар йили ўтказадиган тадқиқотлари натижаси ҳисобланиб, унга кўра, 190 мамлакатда 10 кўрсаткич бўйича бизнес юритиш қулайлиги баҳоланади. Ҳисобот кичик ва ўрта бизнеснинг ҳаётий фаолияти давомида уни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баҳолашга, амалиётда қўллаш тартибига йўналтирилган. Ушбу ҳисобот Жаҳон банки томонидан 2003 йилдан бери тайёрланиб келинади ва ҳар йили кузда эълон қилинади.

Кейинги 5 йил мобайнида “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилиб, бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олгани юртимизда амалга оширилаётган мутлақо янги йўналишдаги дадил ва изчил ислоҳотлар самарасидир десак, муболаға эмас.

Бу борада Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг февраль ойидаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори муҳим омил бўлди. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда 2022 йилга келиб республиканинг кучли йигирмаликдан ўрин эгаллашини назарда тутувчи «Бизнес юритишни яхшилаш — 2022» мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон 2022 йилга қадар Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратишга интилмоқда. Бу мақсад Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ҳам ўз ифодасини топди.

Мухтасар айтганда, ҳар икки Қарор билан яқин 3 йил ичида нафақат рейтингдаги тадбиркорларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратилган 50 дан ортиқ давлатдан илгарилаш, балки мамлакат имижини ижобий томонга ўзгартириб, халқаро бизнес ҳамжамияти эътиборини қозонишдек залворли мақсадга эришиш йўлида мамлакатимизда бизнес юритиш шарт-шароитларини халқаро норма ва стандартлар талабларига мослаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатларни янада кучайтириш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилди.

Ва ниҳоят, куни кеча бутун халқимизни хурсанд этгувчи ва ғурурлантирувчи хушхабар тарқалди. Яъни, Ўзбекистон “Doing Business 2020” халқаро бизнес жозибадорлиги рейтингида 190 та мамлакат ичида 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади. Шунингдек, мамлакатимиз тадбиркорлик муҳитини яхшилашда катта ютуққа эришган давлатларнинг кучли йигирматалиги (TOP-20) га кирди. “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикатори бўйича эса, давлатимиз 8-ўринни эгаллаб, кучли TOP-10ликка кирди.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик ҳаракатини кенг қулоч ёйдириш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижлик инвесторлар учун ўз юртидаги мавжуд шароитлардан ҳам қулайроқ имкониятларни яратиб бериш, уларнинг фаолиятида қонуннинг сўзсиз устуворлигини таъминлаш борасида жуда катта кўламдаги чора-тадбирлар амалиётга жорий этилмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатлардан мақсад, биринчи навбатда, иқтисодиётимизни юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш бўлса, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги имижини янада юксалтириш, халқаро майдондаги обрў-нуфузини баланд кўтариш ҳам пировард вазифадир.

Зеро, бу улуғвор ниятлар ижобати мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти, давлатимиз куч-қудратининг мустаҳкамланиши ҳамда халқимизнинг тўкин-сочин ва бахтиёр ҳаёт кечиришига хизмат қилади.

Элдор ТУЛЯКОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори.