"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Элдор ТУЛЯКОВ: Ўзбекистон учун тараққиётнинг барча соҳаларида стратегик режалаштириш жуда муҳим.


- “Валдай” халқаро мунозара клубининг “Марказий Осиё ва Евросиё: глобал тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик” мавзуcидаги Х Осиё конференциясида хорижий экспертлар биргаликда муҳокама қилаётган масалалар доираси ғоятда кенг ва хилма-хил. Хусусан, геосиёсий муаммолар – давлат чегаралари, минтақавий хавфсизлик, сувдан фойдаланиш, шунингдек, иқтисодий, транспорт ва савдо, ижтимоий-гуманитар, маданий соҳаларга тааллуқли масалалар ечимини топишда ҳар икки томоннинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Бизнинг мамлакатимиз Россия Федерацияси билан стратегик ҳамкор ва иттифоқчи ҳисобланади. Шу маънода, бугунги анжуман ҳар икки давлатнинг тарихий дўстлик асосига қурилган муносабатлари янада тараққий этишида алоҳида ўрин тутади.

Анжуманга ташриф буюрган хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати мутлақо ўзгариб, янги босқичга кўтарилганини таъкидлашди. Жумладан, россиялик экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун илғор ташаббусларни олға сураётганини ва амалда таъминлаётганини эътироф этдилар. Уларнинг қайд этишларича, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида юритилаётган сиёсат, мамлакатнинг глобал ҳамжамиятга интеграциялашуви турли қитъалардаги ривожланаётган давлатларда катта қизиқиш уйғотмоқда ҳамда ўзига тобора кўпроқ жалб этмоқда. Жумладан, Россия ҳам Ўзбекистон билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирган.

“Самарқандда 2 кун давом этган мазкур конференцияда Ўзбекистоннинг диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича орттирган тажрибаси ҳам хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Бинобарин, юртимизга йирик геосиёсий қудратга эга бўлган давлатларнинг ҳам эътибори кучаймоқда”- деди Элдор Туляков.

- Шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳам жуда муҳим. Замонавий дунёнинг янги таҳдидларига биргаликда жавоб бериш керак.

Ўзбекистон учун тараққиётнинг барча соҳаларида стратегик режалаштириш жуда муҳимдир. Мамлакат қонунчилик ислоҳотларини ёки амалиётини такомиллаштиришдан олдин турли соҳалардаги энг яхши халқаро тажрибани ўрганмоқда.

“Валдай” клуби доирасидаги муҳокама эса, ўйлайманки, узоқ муддатли режалаштиришнинг асосини ташкил этадиган таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши керак.

Элдор ТУЛЯКОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори