"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Одам савдосига қарши курашда барча имкониятларни уйғунлаштириш зарур


Пойтахтимизда “Одам савдосига қарши курашда судларнинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Икки кунга мўлжалланган анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси, ушбу ташкилотнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили ва координатори бюроси, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ҳамда “Тараққиёт стратегияси”маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда АҚШ, Франция, Россия, Буюк Британия, Италия ва Испания каби жами 20 дан ортиқ давлатларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги етакчи мутахассислари иштирок этишмоқда.

Конференцияга Элдор Туляков модераторлик қилмоқда.

Элдор Туляков, “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари:

-Одам савдоси бугунги кунда дунё бўйлаб барча давлатларни жиддий ташвишга солаётган энг глобал муаммолардан бирига айланиб улгурди. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳонда тахминан 2 миллион 800 минг киши мазкур жиноят қурбонига айланмоқда.

Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад айланмаси 19 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.

Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, ҳозир дунёнинг 127 та мамлакатида одам савдоси билан шуғулланилмоқда, 98 та давлат транзит вазифасини ўтамоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси, ушбу ташкилотнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили ва координатори бюроси, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ўтказилаётган халқаро анжуман муҳим амалий аҳамият касб этади. Бинобарин, Ўзбекистонда мазкур муаммонинг олдини олиш борасида кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан аввалдан фаолият юритиб келаётган Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг мақоми янада кучайтирилиб, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси этиб қайта ташкил этилди.

Давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш Миллий комиссиянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Фикримизча, мазкур иллатга қарши курашиш, унинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этишда ҳар бир фуқаро масъул. Зеро ўзи ва ўзгалар тақдирига бефарқ бўлмаслик, ишонч ва масъулиятга таянибгина ушбу иллатни таг-томири билан бартараф этиш мумкин.

Бу борада барча давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари олиб бораётган фаолиятини ўзаро уйғун ҳолда такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир.