"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИТАЛИЯДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ МИНТАҚАСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ


Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси шу кунларда Италиянинг Триест шаҳрида бўлиб ўтаётган Бир макон, бир йўл” ташаббусининг учинчи саммитида иштирок этмоқда.

Саммитдан кўзланган асосий мақсад – минтақадаги барча мамлакатлар учун савдо алоқаларини рағбатлантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган очиқ платформани яратишдан иборат.

Мазкур саммит доирасида Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директорининг ўринбосари Ойбек Элмуратовлар жадал ривожланаётган Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий ва бизнес истиқболларига бағишланган давра суҳбатида иштирок этишди.

Муҳокамалар чоғида Осиё минтақасининг Европа Иттифоқи бозорлари билан минтақавий ривожланиши, интеграцияси ва транспорт алоқаларининг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори хорижий ҳамкасбларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, хусусан, Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор ривожланиш зонасига айлантиришга қаратилган сиёсати ҳақида батафсил маълумот берди.

Учрашув давомида иштирокчилар томонидан транспорт, логистика, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш каби соҳаларда ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболли йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.

Умуман олганда, суҳбат чоғида Ўзбекистонда рўй бераётган иқтисодий ва сиёсий жараёнларга доир кенг кўламли масалалар юзасидан амалий фикрлар алмашилди. Шунингдек, Италия билан икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.

Тараққиёт стратегияси маркази Ахборот хизмати