"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕК-ХИТОЙ МУНОСАБАТЛАРИ ЯНА МУҲОКАМА МАРКАЗИДА


Бугун пойтахтимизда Хитой Халқ Республикасининг Евроосиё ишлари бўйича махсус вакили жаноб Ли Хуэйнинг юртимизга ташрифи доирасида “Асосий профессионал таълим дастури қўшма қурилиши доирасида Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлиги” мавзусида семинар бўлиб ўтмоқда.

Айни пайтга қадар Хитой-Ўзбекистон муносабатлари ва асосий профессионал таълим дастури доирасида икки томонлама ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маълумки, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида шу кунга қадар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли, Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон ва Хитой-Тожикистон-Ўзбекистон автомобиль йўллари, ГЭС қурилиши каби қатор транспорт-логистика лойиҳалари амалга оширилди. Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари натижасида икки томонлама муносабатлар тобора мустаҳкамланмоқда. Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин шахсий, дўстона алоқа ўрнатдилар.

Хитой Ўзбекистон жаҳон бозорига қўшилиши учун очиқлик тамойилига амал қилишга интилмоқда. Хитойда 6000 нафардан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Йилига 3000 нафардан ортиқ сайёҳ Чин юртига ташриф буюрмоқда. Халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар туфайли икки томонлама алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Маданий-ижтимоий соҳада ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистонга 1500 нафар хитойлик сайёҳ ташриф буюрди. Тарихий, археологик ёдгорликларни сақлаш бўйича ҳамкорлик, Конфуций марказларида хитой тилини ўргатиш йўлга қўйилди. Шунингдек, БМТ, ШҲТ, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ва бошқалар билан кўп томонлама форматлар доирасида ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Семинарда сўзга чиққанлар ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.

Тадбир давом этмоқда.

Тараққиёт стратегияси маркази Ахборот хизмати