"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚАРО ФОРУМ ЯКУНЛАРИ: МАКОН ВА ЙЎЛ


Италиянинг Триест шаҳрида «Европа Амброзетти уйи» ва Хитойнинг ривожланиш институти билан ҳамкорликда ташкил этилган «Тараққиёт йўлида муваффақиятли бизнес» форумида 20 та мамлакатдан 200 дан зиёд қатнашчилар ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этишди.

Ушбу йирик халқаро тадбирдан кўзланган асосий мақсад, бу – Евроосиё мамлакатлари бизнес ҳамжамияти ва ҳукуматларининг саъй-ҳаракатларини мустаҳкамлаш, транспорт ва коммуникация соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, миллатлараро иқтисодиётнинг ўзаро боғлиқлигини чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Форумнинг нуфузли иштирокчилари томонидан «Макон ва йўл» ташаббуси транспорт лойиҳаларини амалга ошириш билан чекланмаслиги, ушбу лойиҳа фақатгина транспорт йўлаклари концепцияси эмас, балки  минтақа давлатларини иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастур ҳам ҳисобланиши қайд этилди.

Шунингдек, форумда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Форум иштирокчиларига Ўзбекистонда ички ва халқаро темир йўл магистралларини ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза тақдим этилди. Унда транс-афғон йўлагини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбир ва саъй-ҳаракатлар, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон лойиҳасини тезкор амалга ошириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Шу билан бир қаторда, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков форум иштирокчиларини Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши, инвестиция муҳитини такомиллаштириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш чора-тадбирлари,  жумладан,  Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамда Хитой билан боғлиқ масалалар билан таништириб ўтди.

Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бош котиби Энзо Кваттрокиочче билан алоҳида учрашув ўтказди. Банк вакилига Ўзбекистон раҳбарияти ЕТТБ билан,  айниқса,  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратаётгани, шунингдек, Банкнинг мамлакатимиз ҳудудларида ўз ваколатхоналарни очиш режасини тўла қўллаб-қувватлаши маълум қилинди. 

Шунингдек Хитой томони ташаббуси билан Хитой тараққиёт институти президенти Фен Ганг билан суҳбат бўлиб ўтди. У Триест шаҳрида бўлиб ўтган форумда Ўзбекистон делегациясининг иштироки учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланиши икки мамлакат раҳбарлари ўртасидага ишончли шахсий муносабатларга асосланишини таъкидлади. Шу боис, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги сиёсий мулоқот даражаси, иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Форум доирасида «Европа Амброзетти уйи» раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди,  унда мамлакатнинг қулай имижини тарғиб қилиш, сиёсий,  ишбилармон доираларга, шунингдек, Италиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг бориши ҳақида маълумот бериш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш тўғрисида келишиб олинди. Бундан ташқари,  «Европа Амброзетти уйи» вакиллари йирик маданий тадбир, жумладан, Римнинг етакчи музейларидан бирида Ўзбекистоннинг цивилизация салоҳиятини намойиш этувчи кўргазмаларни ўтказиш масаласини биргаликда ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида «Европа Амброзетти уйи» ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати