"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт стратегияси” маркази Акция ташкил қилди


Мамлакатимизда 25 ноябрдан 16 декабрга қадар “Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” медиа-кампанияси ўтказилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури билан ҳамкорликда жорий йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларини амалиётга кенг жорий этиш мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад саналади.

Бугун медиа-компания доирасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи залида “Биз хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қаршимиз” мавзусида Акция ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Реабилитация ва мослаштириш республика маркази, USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури масъул ходимлари, шунингдек, АҚШнинг вақтинчалик муваққат ишончли вакили Алан Мельцер, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков очиб берди.

У ўз сўзида 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар узвий, босқичма-босқич ва изчил, тадрижий равишда давом этаётганига эътибор қаратди.

Хусусан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларга кўмак кўрсатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ижтимоий таъминотининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида қатор вазифалар белгиланганини қайд этди. Давлат раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва 2 сентябрь куни қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун бу борадаги вазифаларнинг амалий натижаси эканига урғу берди.

Таъкидландики, эндиликда Қонунда кўзда тутилган нормаларнинг амалда қўлланишида самарадорликка эришиш учун галдаги қатор вазифалар турибди. “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури билан ҳамкорликда ўтказилаётган медиа-компания бу борада муҳим амалий аҳамият касб этади. Зеро, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунини ҳам ўз ичига олган.

Элдор Туляков ўз чиқишини якунлар экан, бугунги Акция ҳам кўтаринки руҳда ва иштирокчилар фаоллиги билан ўтиши ҳамда ундан кутилган натижага эришишга умид билдирди ва муваффақият тилади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Артикова ҳамда АҚШнинг вақтинчалик муваққат ишончли вакили Алан Мельцерлар ҳам сўз олишди. Улар томонидан мазкур лойиҳанинг долзарб аҳамияти ва ўз вақтида ташкил қилингани алоҳида эътироф этилди.

Маърузалар давомида қайд этилдики, БМТ маълумотига кўра, дунёдаги аёлларнинг 35 фоизи турли кўринишдаги тазйиққа учраб келмоқда. 2017 йилда 87 минг нафар аёл тазйиқлар оқибатида, шулардан 50 минг нафари (58 фоизи) айнан оила азолари ёки бирга яшаб турган эркаклар томонидан ҳаётдан кўз юмган. Албатта, бу жаҳон бўйича келтирилган рақамлар, аммо ҳар бир давлат бу каби салбий ҳолатларга ўз имкониятлари, қонунчилиги ва зарур чоралар кўриш йўли билан қарши туриши лозим. Қабул қилинган қонунлар бу борада Ўзбекистон ташлаган муҳим қадам бўлди.

Акциянинг яна бир муҳим палласи, аҳолини қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиш мақсадида тайёрланган “Ўзбекистон қонунчилигида гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатлари” мавзусидаги рисола тақдимоти ўтказилгани бўлди. Ушбу рисола “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури ҳамкорлиги маҳсулидир.

Иштирокчилар унинг қонун нормаларини содда ва тушунарли тилда акс эттирган ҳолда тайёрланганига алоҳида эътибор қаратдилар. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган чораларнинг ижобий натижаларига хизмат қилишини қайд этдилар.

Шунингдек, тадбир давомида қонун мазмунига бағишланган шарҳ, видеоролик ва бошқа кўринишдаги тақдимотлар ҳам бўлиб ўтди.

Акция якунида қонунлар тарғиботини кўзда тутувчи қатор таклифлар ўртага ташланди ва кенг муҳокама қилинди.


“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати