"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ижтимоий шериклик бўйича қонунлар такомиллаштирилади


“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан, 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари” мавзусида семинар ўтказилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Нотижорат ҳуқуқ Халқаро маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, экспертлар, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков очди ва олиб борди.

У ўзининг кириш сўзида 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва бу жараёнда ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари сўнгги йилларда долзарб аҳамият касб этиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидландики, ижтимоий шериклик шароитларида давлатнинг роли меҳнат ва ижтимоий қонунчиликни ишлаб чиқишдан иборат. Шундан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий асослари юртимизда тобора такомиллашиб бормоқда. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро муносабатларига доир турли масалалар 30 та қонун ва икки юздан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали тартибга солинади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”,Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Ҳомийлик тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Улар асосида бугунги кунда давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида нодавлат нотижорат ташкилотларини турли шаклларда қўллаб-қувватлаш ва ўзаро шериклик муносабатларини йўлга қўйишлари мумкин.

“Тараққиёт стратегияси” маркази мазкур йўналишда ўрганиш ва таҳлилларни амалга оширган ҳолда, миллий қонунчиликни замонавий талаб ва маҳаллий шароитлар, ривожланиш тамойиллари асосида янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада етакчи таҳлил марказлари, хусусан, Нотижорат ҳуқуқ Халқаро маркази билан самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Ўтказилаётган семинар ушбу ҳамкорлик маҳсулидир.

Зеро муҳокамлар орқали ижтимоий шериклик тўғрисидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб амалий таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган, деди Элдор Туляков.

2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга доир давлат дастурида ҳам мазкур йўналишда аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, дастурнинг 33-бандида жамият ва давлат олдида турган ижтимоий вазифаларни ҳал этишда ижтимоий шериклик институтларини кенг жорий этиш вазифаси белгиланган. Унинг ижроси доирасида норматив-ҳуқуқий хужжатларни такомиллаштириш кўзда тутилган.

Семинарга таклиф этилган маҳаллий ва хорижлик экспертлар томонидан ижтимоий шериклик муносабатларига доир қонун хужжатларини такомиллаштиришнинг муҳим асосларидан бўлган илғор халқаро тажриба ва амалдаги нормалар таҳлилига оид маърузалар қилинди.

Таъкидландики, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси қарорлари асосида жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 2008-2018 йиллар давомида ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 2339 та лойиҳа ва дастурларига жами 89,1 млрд.сўм миқдорида давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялари ажратилган ҳамда 60 дан ортиқ танловлар ташкил этилган.

Ривожланишнинг замонавий босқичида эса, ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш, ижтимоий шериклик орқали қатор ижтимоий масалалар ечимига эришиш муҳим саналади. Бунинг учун, аввало қонуний асослар пишиқ ва пухта бўлиши талаб этилади.

Семинар иштирокчилари томонидан мазкур жиҳатлардан келиб чиқиб, қатор таклифлар ўртага ташланди. Улар “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан умумлаштирилади ва тегишли тартибда таклифлар ишлаб чиқилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати