"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

НОТИЖОРАТ ҲУҚУҚ ФАНИ КЕРАКМИ?


Ушбу масала бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан ташкил этилган Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасидаги “Олий ўқув юртларида нотижорат ҳуқуқ курсини ўқитиш амалиёти” мавзусидаги давра суҳбатида атрофлича муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Нотижорат ҳуқуқ Халқаро маркази ҳамкорлигидаги тадбирда Тошкент давлат Юридик университети ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходимлари, экспертлар ва ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Фуқароларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий, иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун ҳар қачонгидан яхшироқ шароит яратилмоқда. Натижада ННТлар жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашиш билан бирга, давлат ва жамият бошқарувида муносиб иштирок этмоқда. Буни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва шу каби минглаб ташкилотлар мисолида кўриш мумкин.

Давра суҳбатида сўз олганлар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида муҳим ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Жумладан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Пировардида, жамият ҳаётининг барча соҳаларида фуқаролик жамияти институтлари фаоллиги сезиларли равишда ошиб бормоқда.

Демак, бу соҳадаги энг муҳим вазифа фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларни ривожлантиришга йўналтириш учун замон талабларига жавоб бера оладиган кадрлар тайёрлашдир. Давра суҳбати айни масала бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Иштирокчилар томонидан Олий ўқув юртларида нотижорат ҳуқуқ курсини ўқитиш бўйича хорижий тажриба хусусида батафсил ахборот берилди.

Таъкидландики, шу кунга қадар Марказий Осиё минтақасининг Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Республикаларида нотижорат ҳуқуқ олий ўқув юртлари ўқув дастурига киритилган.

Хусусан, Тожикистон Республикасидаги Рус-Тожик (славян) университетида 2007-2015 йилларда, Тожикистон Иқтисодиёт институтида 2010-2012 йилларда ҳамда 2015 йилдан айни пайтга қадар Тожик Миллий университетида ташкил этилган.

Қирғизистон Олий ўқув юртларида эса, нотижорат ҳуқуқ фан сифатида танлаш имконияти мавжуд йўналиш сифатида таклиф этилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур давлатда олий таълим муассасаларида фанларнинг 75 фоизи талаб асосида, 25 фоизи эса, танлов асосида ўқитилади.

Айни пайда, Қирғиз давлат университети, Қирғиз-Рус (славян) университети, Қирғиз давлат юридик академияси, Марказий Осиёдаги Америка университети ҳамда Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув академияларида нотижорат ҳуқуқ алоҳида фан сифатида ўқитилмоқда.

Қозоғистон Республикасида эса, 2004-2005 йилларда Д.А.Кунаев номидаги Юридик университет ҳамда Олмаотадаги “Турон” юридик университетида “нотижорат ҳуқуқ” курслари ташкил этилган. Шунингдек, 2015-2017 йилларда Олмаота Менежмент университетида ҳам ушбу мавзу ўқитилган.

Семинарда санаб ўтилган лойиҳаларни ташкил этишнинг амалий жиҳатлари ва натижалари хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистонда юридик соҳада кадрлар тайёрлаш тизимида мазкур йўналишдаги таълим ҳолати бўйича ҳам фикр алмашилди. Таъкидландики, юртимизда мазкур мавзу интеграциялашган ҳолда ўқитилади ва талабалар ўқиш даври давомида фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари борасидаги билимларини ошириш имкониятига эгалар.

Иштирокчилар айни пайтда мазкур йўналишда алоҳида курс очишнинг зарурати ва амалий натижалари хусусида фикр алмашишди. Экспертлар томонидан бу борада қатор таклифлар ўртага ташланди. Эндиликда, марказ мутахассислари томонидан мазкур таклифлар умумлаштирилади ва батафсил ўрганилиб, зарур тавсиялар шакллантирилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати