"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИНГ АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРИ СУДЬЯЛАР ФАОЛИЯТИДА ЯҚҚОЛ НАМОЁН БЎЛМОҚДА


“Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди. Унда марказ ходимлари ҳамда мамлакатимизнинг турли минтақаларидан ташриф буюрган шаҳар ва туманлар судларининг раислари ва судьялари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Олий суд раисининг ёрдамчиси, юридик фанлар доктори Азиз Мирзаев, “Тараққиёт стратегияси” маркази муассислигидаги “Ўзбекистон стратегияси” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Деҳқонов сўз олиб, Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг доирасида қабул қилинаётган Давлат дастурларининг мазмун-моҳияти, бешта устувор йўналиш бўйича белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси, хусусан, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари хусусида атрофлича тўхталиб ўтишди.

Давра суҳбатида, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, унинг доирасида режалаштирилган тадбирлар бўйича илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, бу борадаги эришилган аниқ кўрсаткичлар ва ижобий натижаларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали республикамиз аҳолиси ва халқаро ҳамжамиятга мунтазам етказиб бориш “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятида устувор аҳамият касб этиши ҳақида судьяларга батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, Марказ олдида турган яна бир муҳим вазифа бу ҳар йилги Давлат дастурларини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминлаш, айни вақтда, келгуси йил Давлат дастурлари учун таклифлар ишлаб чиқиш экани қайд этилди.

“Ўзбекистон стратегияси” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Деҳқонов, “Тараққиёт стратегияси” маркази лойиҳа раҳбари Шуҳрат Иргашев, лойиҳа координаторлари Фурқат Юнусов, Зоҳид Зарифовлар Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган бешта устувор йўналиш бўйича шу кунга қадар амалга оширилган ишлар ҳақида тақдимотлар ўтказишди. Хусусан, жорий – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ижросининг 9 ойлик якунлари муҳокамалар марказида бўлди.

Тадбирда сўз олган судьялар Ҳаракатлар стратегиясининг амалий натижалари ўз фаолиятларида яққол акс этаётганини эътироф этишди. Жумладан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимларини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш масалаларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, судьяларни тайёрлаш ва лавозимга тайинлаш тизимининг бугунги замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилаётгани, судьяларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир.

Давра суҳбати изғин баҳс-мунозаралар, таклиф-мулоҳазалар, савол-жавобларга бой тарзда кечди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати