"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛМОҚДА


Айни вақтда “Тараққиёт стратегияси” марказида
Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги 2019” доирасида “Меҳнат ҳуқуқлари бўйича мулоқот олиб бориш” мавзусида журналистлар ва блогерлар учун семинар-тренинг ўтказилмоқда. Марказ билан Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад журналистлар ва блогерларнинг меҳнат ҳуқуқлари мавзусини ёритиш бўйича фаоллиги ҳамда ушбу масала юзасидан аҳоли хабардорлигини янада оширишга қаратилган.

Семинар-тренингни “Тараққиёт стратегияси” маркази муассислигидаги “Ўзбекистон стратегияси” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Деҳқонов ва Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп кириш сўзи билан очиб беришди.

Маърузачилар таъкидлашганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ эканини, халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, давлат раҳбари ўз маърузасида бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонганини, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этаётганини эътироф этиб, бу борада аниқ мисолларни келтириб ўтди ва жамоатчилик фикри қандай кучли таъсирга эга эканига эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, кейинги вақтларда Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб, жамоатчилик назорати механизми тобора кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу омил мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларига қарши курашда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Хусусан, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда меҳнат ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ танқидий чиқишлар, очиқ баҳс-мунозараларга кенг ўрин берилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Халкаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлиги натижасида мазкур ташкилотнинг 17 та, жумладан, 8 та асосий конвенцияси ратификация қилинди. ХМТ экспертларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги олиб борилмоқда.

Маърузачилар семинар-тренинг ишига муваффақият тилашди.

Бугун кун мобайнида давом этадиган тадбирда меҳнат ҳуқуқларини ёритиш масаласида ўз касбий салоҳиятини янада ошириш ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича янги кўникмаларни ўзлаштириш истагида бўлган 20 нафардан ортиқ журналист ва блогерларга таниқли журналистлар, халқаро ташкилотлар экспертлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари интерактив усулларда машғулотлар ўтказишади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати