"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт стратегияси” марказида Жахон банкининг миссияси билан учрашув бўлиб ўтди.

“Тараққиёт стратегияси” марказида жорий йилнинг 18 декабр куни Ўзбекистоннинг ислоҳотлар сиёсати ва тизимли диагностикасини молиялаштириш лойиҳасини тайёрлаш бўйича Жаҳон банкининг макроиқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича бўлимининг бошлиғи Сандип Махаджан раҳбарлигидаги миссияси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ҳукуматининг 2020 йилда иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги стратегиясига оид масалалар муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Жаҳон банки вакилларига Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишлари доирасида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар берилиб, уларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни акс эттирувчи рисола ва журналлар тақдим этилди.

Шу билан бирга, “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Э.Туляков томонидан иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида Ўзбекистонда 2020 йилда кўзда тутилаётган муҳим иқтисодий ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Учрашув давомида, шунингдек, Жаҳон банки экспертлари томонидан Ўзбекистон иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар, фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий фикрлар билдирилди. Хусусан, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг жадал суръатларда олиб борилаётганлиги ва ишбилармонлик юқори суръатларда ошиб бораётганлигига юксак баҳо берилди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, учрашувда миссия раҳбари Сандип Махаджан томонидан айни дамларда Жахон банкида ҳеч қайси давлат Ўзбекистончалик катта қизиқиш уйғотмаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, учрашувда Жаҳон банки билан биргаликда амалга оширилаётган "Ўзбекистон фуқароларини тинглаб" лойиҳаси доирасида Жаҳон банки билан ўзаро ҳамкорлик, жумладан, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга кўмаклашиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда экспертлик ёрдамини кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Жаҳон банки вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлиш режалари ва шу билан бирга, жорий йилнинг 22 декабрида бўладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов жараёнларига қизиқиш билдирилди.