"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МУҲАММЕД САВАШ КАФКАСЯЛИ: ҲАМКОРЛИКДАГИ ХАЛҚАРО АНЖУМАН ЎЗБЕКИСТОННИНГ ХАЛҚАРО МАЙДОНДАГИ ИМИЖИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


Жорий йилнинг 23 декабрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказига Туркиянинг стратегик фикрлаш институти президенти Муҳаммед Саваш Кафкасяли ташриф буюрди. Маълумки, мазкур институт дунё миқёсида юқори нуфузга эга етакчи “Ақл марказ”ларидан бири ҳисобланади.

Жаноб Кафкасяли Ўзбекистонда илк бор янги Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтган очиқ ва ошкора сайлов жараёнларига юзлаб хорижий кузатувчилар ва халқаро миссиялар вакиллари гувоҳ бўлгани, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқидан эркин фойдаланиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани, одамларнинг кайфиятидаги кўтаринкилик, эркинлик, янгиланишга бўлган иштиёқ, ўзгариш яққол сезилиб тургани, сайлов кампанияси соғлом рақобат, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига мос ўтганини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга, туркиялик нуфузли меҳмон Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган янги босқичдаги туб ислоҳотларнинг амалдаги натижаларини, мамлакат ривожланиши йўлидаги ўзгаришларни кўриб, ҳис қилганини айтиб ўтди ва қисқа муддатда қўлга киритилаётган катта ютуқлардан мамнун эканини эътироф этди.

Жаноб Кафкасяли Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқаларнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганига ҳам алоҳида тўхталиб, иқтисодий-ижтимоий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида ўзи раҳбарлик қилаётган институт ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг фаол ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Хусусан, Марказ билан ҳамкорликда 2020 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда дунёнинг 100 нафарга яқин нуфузли экперт-мутахасислари, таниқли “Ақл марказ”лари ва машҳур ОАВлар вакиллари иштирокида халқаро конференция ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу анжуманда минтақага оид энг долзарб ва муҳим масалалар муҳокама этилиши, тадбир Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини оширишга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Жаноб Кафкасялининг ушбу таклифи “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан мамнуният билан қарши олинди ва қўллаб-қувватланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.