"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: Ўзбекистон 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайловларда ўз номзодини илгари суради


2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш вазифаси 267 бандда белгиланган эди.

“Тараққиёт стратегияси” марказига тақдим этилган маълумотларга кўра, 2019 йилда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Нью-Йорк ва Женева шахарларидаги БМТга аъзо мамлакатлар ваколатхоналарига Ўзбекистон ўз номзодини илгари суриши ҳақида расмий нота юборилди.

– Инсон ҳуқуқларига бағишланган 20 дан ортиқ йирик тадбирларда, шу жумладан 2018 йилнинг 27 февралида Нью-Йоркда ўтказилган Осиё давлатлари тадбирида ва 26 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича сегменти йиғилиши каби йирик тадбирларда расмий баёнот берилди.

– Нью-йорк ва Женева шаҳарларидаги БМТга аъзо мамлакатлар ваколатхоналари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувларда Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлаш масаласи илгари сурилмоқда.

– Бир қанча мамлакатлар билан номзодларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида ноталар алмашинилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича сегментининг 40 сессияси тадбири доирасида Афғонистон, Австралия, Буюк Британия, Испания, Италия, Қатар, Малайзия, Покистон, Словакия, Украина ва Чили давлатлари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтган.

2019 йил 17 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш бўйича ТИВнинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлов 2020 йилда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

БМТ Котибиятига Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 2021-2023 йиллар учун илгари сурилаётган Ўзбекистон Республикаси номзодини расмий рўйхатдан ўтказиш ва ташкилотнинг “Candiweb” электрон сахифасида ёритиш бўйича нота юборилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 30 сентябрда “2019-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистон Республикаси номзодини илгари суриш бўйича сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Маълумот ўрнида, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 47 давлат аъзо. Кенгашга номзодлар 3 йилга сайланади. Ўзбекистон ҳарвақт БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши фаолиятини мустаҳкамлашга доир саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаб келган бўлсада, ҳозирги кунга қадар мазкур Кенгашга бирор марта ҳам аъзо бўлмаганди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати ўз номзодини кўрсатиш мақсадида 2019 йилнинг 12 июлида Тошкентда “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари” лойиҳаси тақдим этди. Мазкур ҳужжат БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюциясига мувофиқ тайёрланган бўлиб, у ўзида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ишига қўшган ҳиссаси ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятларини мужассам этган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати