"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА МУҲИМ ҚАДАМЛАРНИ ҚЎЙМОҚДА
188 | 08 Ян. 2020 y.

Хелена ФРЕЙЗЕР,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили

Барчага маълум, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.

Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда:

• аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

• аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;

• аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;

• ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш.

Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак. Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.

Фурсатдан фойдаланиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқидан иқтибос келтиришни ўринли деб биламан:

“Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

Шу куни Президентнинг таклифига биноан, мамлакат тарихида илк бор Сенат раислигига аёл киши – Танзила Норбоева сайланди. Маълумки, Норбоева хоним Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.

Мазкур соҳадаги қонунчилик чораларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди. БМТнинг деярли барча агентликлари, жумладан БМТ Тараққиёт Дастури, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноят бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти ушбу икки қонун бўйича ўз изоҳ ва таклифларини беришди.

Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

Мазкур янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир.

Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.

Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.

Гендер сиёсатининг мониторинги ва самарадорлигини баҳолаш соҳасида www.gender.stat.uz сайтида қўшимча 54 та гендер кўрсаткичларини киритиш орқали муҳим ўзгаришлар рўй берди.

Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.

Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.

Бинобарин, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг бажарилишини таъминлаш учун “Йўл хариталари”ни қабул қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Гендер тенглиги бўйича миллий стратегияни қабул қилиш режаси ҳам мавжуд. БМТ агентликлари гендер тенглик ва камситмаслик масалаларида, шу жумладан махсус ҳужжатларни режалаштириш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги кодексларнинг махсус қоидаларини – жиноий, процессуал ва ижро этувчи босқичларни ишлаб чиқишда бундан кейин ҳам кўмак беришга тайёр.

Шунингдек, қабул қилинаётган у ёки бу даражадаги ҳужжатларнинг аёллар ва эркаклар учун бир меъёрда бўлишига эришиш учун қонунчиликнинг гендер экспертизасини ўтказиш мажбурийлигини таъминлаш муҳимдир.

Ўз навбатида, бизнес инкубаторлари билан бир қаторда, аёлларни таълим ва фан соҳасида рағбатлантириш, шунингдек, STEM (Фан, технология, муҳандислик, математика) лабораториялар яратиш орқали уларни табиий ва техник фанлар соҳасига жалб қилиш чораларини кўриш зарур. Бу, ўз навбатида, аёлларнинг бандлигини, замонавий меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.

Қабул қилинаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудлари ва хотин-қизларнинг барча тоифаларини қамраб олиши керак. Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш кун тартибидаги тамойилларни, айниқса, “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда, ҳар хил камситиш шаклларига мойил бўлган хотин-қизларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш долзарб масаладир. Бу ерда мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қишлоқлардаги хотин-қизларга, этник озчилик гуруҳлари, ногиронлар, ОИВ/ОИТСга чалинган аёллар, озодликдан маҳрум қилиш ва чеклаш жойларидаги хотин-қизларга (шу жумладан қамоқхоналар, пансионатлар, қариялар уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналари), инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочқинларга асосий эътибор қаратилади.

Айни пайтда БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида гендер масалалари бўйича махсус гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унинг таркибига БМТнинг деярли барча агентликлари вакиллари киритилган. Масалан, юқорида қайд этилган Қонунларга берилган тавсиялар ҳали лойиҳа пайтида гуруҳ ишининг бир қисми эди. Ушбу гуруҳ фаолияти мисолида БМТ агентликлари бошқа қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда ёрдам беришга доим тайёр.

Бундан ташқари, конференция, видеоролик, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги юридик клиника, ижтимоий тармоқлар каби турли форматларда аёллар муаммолари тўғрисида хабардорликни ошириш бўйича кўплаб тадбирлар кун тартибидан жой олган. Бу борада “Тараққиёт стратегияси маркази ва бошқа нодавлат ташкилотлар билан ҳам фаол ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистондаги БМТнинг жамоаси айни пайтда барча миллий ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг кенг маслаҳатлашувлари билан ишлаб
чиқилаётган “2021-2025 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш ҳамкорлик дастури” доирасида гендер тенгликни таъминлаш учун мамлакатга ҳар томонлама ёрдам беришда давом этади.


0
Похожие новости