"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: 13 044 нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминланди, яна 5690 нафарига 143,1 млрд сўм кредит ажратилди


2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий томондан янада қўллаб-қувватлаш бўйича 167-170 бандларда қатор вазифалар белгиланган эди.

“Тараққиёт стратегияси” марказига тақдим этилган маълумотларга кўра,

Бош вазир ўринбосари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан 2019 йил 9 январда “Республика ҳудудларида 2019 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш” Дастури тасдиқланган.

Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида ҳудудий дастурлар кесимида 13 044 нафар аёл ва ёш қизларни иш билан таъминлаш бўйича манзилли дастури тасдиқланган.

2019 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида оғир турмуш шароитида яшовчи хотин-қизлардан 13 044 нафарининг (100%) бандлиги таъминланди. Шундан, 475 нафари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида ишга тушаётган корхоналарда яратилаётган иш ўринларига, 4 283 нафари мавжуд корхоналардаги бўш иш ўринларига, 386 нафари квота иш ўринларига, 339 нафари ҳунармандчилик йўналишида, 525 нафари оилавий тадбиркорлик йўналишида, 365 нафари ҳомийлар ҳисобидан  шахсий ва ёрдамчи хўжалигида чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхона ва бошқаларни ташкил қилиш ҳисобига, 4 001 нафар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ва 2 670 нафари бошқа йўналишларида бандлиги таъминланди.

ВМнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбияланаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уйларни бериш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Хотин-қизлар қўмиталари томонидан уй-жойга муҳтож оғир турмуш шароитидаги ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилди ҳамда туман, шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган махсус Комиссиялар томонидан кўриб чиқилди. Комиссилар ҳулосаси натижасида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 1 493 та арзон уй-жойлар учун 26 млрд. 277 млн.сўм миқдорида бошланғич бадаллари ўтказиб берилди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди орқали ажратилган ресурс маблағлари ҳисобидан, жорий йилнинг январь-март ойлари давомида тижорат банклари томонидан 5690 нафар хотин-қизларга 143 млрд. 102 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди.

2019 йилда хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва оиладаги низоли вазиятларнинг барвақт олдини олиш борасида 197 та туманда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу марказларга ўтган давр мобайнида 20 556 нафар хотин-қизлар мурожаат этган. Мурожаатчиларнинг 3 063 нафарига тиббий, 6 600 нафарига психологик, 4 021 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 2 330 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 1 513 нафар хотин-қизларга кредит олишга кўмаклашилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати