• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Элдор Туляков: Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш бўйича ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар етарли


Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида акс этган устувор йўналишлар муҳокамасига бағишланган «давра суҳбати» бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорлигида ташкил этилди. Давра суҳбати давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков суд-ҳуқуқ тизимида жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича мавжуд хорижий тажрибанинг ўзига хос ва менталитетимизга мос жиҳатларига эътибор қаратди.

Элдор Туляков,“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

 - Суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, айниқса, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Бу борада халқаро амалиёт ва ривожланган давлатлар тажрибасини атрофлича ўрганиш ва мақбул жиҳатларни мамлакатимиз суд тизимига татбиқ этиш фойдадан холи бўлмайди.

Масалан, Францияда вояга етмаганлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар 3 нафар малакали судья ва 9 нафар суд маслаҳатчиси иштирокида кўрилади. Мабодо, судья суд маслаҳатчиларисиз, ўзи якка тартибда вояга етмаганларнинг жиноий ҳаракатларига доир ишларни кўрадиган бўлса, бу ҳолда судья судланувчига нисбатан фақат тарбиявий ва назорат чораларинигина қўллаш ҳуқуқига эга холос. Англияда эса, суд маслаҳатчилари қотиллик жиноятларини, табиий бўлмаган ёки гумонли ўлим ёки ўлимнинг сабаби аниқланмаган ҳолатларни текширишда иштирок этади. Японияда халқ судьялари оғир жиноят ишларининг муҳокамасида судья сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бунда халқ судьяларининг судлов ҳайъати таркиби олти нафар халқ судьяси ва уч нафар профессионал судьядан иборат бўлади. Айбланувчи халқ судьясидан воз кечиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Европанинг аксарият давлатларида суд маслаҳатчилари профессионал судья билан шахснинг айбдор ёки айбсизлиги, шунингдек, судланувчига жазо чорасини белгилаш билан боғлиқ масалани биргаликда ҳал этади.

Умуман, илғор хорижий давлатлар амалиётида одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштирокининг турли моделлари одил судловни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг манфаатини ўзида намоён қилиб, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончи ошишига хизмат қилмоқда.