• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Элдор Туляков: Жамоатчилик фикрини ўрганиш институтидан фақатгина саноқли нодавлат ташкилотлар фойданишмоқда холос


Ўзбекистон Республикаси Олий суди, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида акс этган устувор йўналишлар муҳокамасига бағишланган “давра суҳбати”да “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг долзарб масалалари бўйича ўз фикрларини билдирди.

Элдор Туляков,“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

  - Жамоатчилик назоратининг асосий қуроли – бу қонун. Жамоат ташкилотлари давлат ижро тузилмаларининг қонунларни қандай ижро этаётганини назорат қилади. Жамоатчилик назоратининг хулосалари ижро ҳокимиятининг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, хатоларни тузатиш, халқчилликни таъминлашга хизмат қилади.

Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссининг ортиши ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнининг муҳим шартларидандир. Яъни, давлат органлари аҳолига ўз сиёсати, ҳаракатларини тушунтириб бериши, халқ олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши бугунги замон талабидир.

Фикримизча, жамоатчилик назоратида жараён эмас, натижага қараб хулоса чиқариш зарур. Акс ҳолда, жамоатчилик назорати ижро ҳокимияти идораларини депсиниш ҳолатига тушириб қўяди. Шу сабабли жамоатчилик назоратида жараён эмас, натижа асосий мезон бўлиши лозим.

Хулоса шуки, «давлат ҳокимияти» ва «жамоатчилик назорати» бир-бирини тўлдирувчи тушунчалардир. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг бирлиги халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан бегоналашувининг олдини олиб, озчилик ва кўпчилик деспотизмига йўл қўймайди. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг уйғунлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.