"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Дэниел РОЗЕНБЛЮМ: Келгусида биз нафақат таклиф томони билан, балки талаб томони билан ҳам ишлашни кўзда тутганмиз


2020 йилнинг 15 январь куни Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координатори томонидан халқаро анжуман ташкил этилди. Ушбу давра суҳбати Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида акс этган устувор йўналишлар муҳокамасига бағишланди.

Қуйида тадбирда иштирок этган АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел РОЗЕНБЛЮМнинг фикрлари билан танишишингиз мумкин.

- Бугунги тадбир давомида Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 27 йиллигига бағишланган маросимдаги нутқининг баъзи бир муҳим жиҳатларига эътибор қаратилди. Шуни таъкидлашим лозимки, Президентнинг нутқи мени ниҳоятда руҳлантирди. У маърузасида мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг айнан жадал равишда олиб борилаётганини инобатга олган ҳолда эришилган натижаларни яна қандай қилиб сақлаб қолиш, илгари суриш ва такомиллаштириш муҳим деган бир ғояни илгари сурди. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, уни такомиллаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар ниҳоятда бир мураккаб ва кенг кўламли ҳаракатларни талаб этади. Иқтисодчиларимизнинг тилида айтиб ўтганда, бутун бир ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш учун экотизимни шакллантириш ва уни такомиллаштириш талаб этилади. Суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам иқтисодиёт соҳасида ҳам талаб ва таклиф томони бор. Биз ўзимизни ташкилотимиз ҳақида гапирар эканмиз, Ўзбекистон ҳукумати билан кўпроқ таклиф томон билан ишлаб келаяпмиз. Яъни, суд-ҳуқуқ тизимида таклиф деганда – суд органлари, ҳуқуқ соҳасида ўз хизматларини кўрсатиб келаётган барча мутасадди ташкилот ва идораларни назарда тутамиз. Талаб томони сифатида айнан фуқаролик жамиятини назарда тутамиз. Ҳозирда биз Олий суд, Адлия вазирлиги ва Халқ таълими вазирликлари билан биргаликда ишлаб боряпмиз ва уларни таклиф томони деб айтамиз. Бундан ташқари, келгусида биз нафақат таклиф томони билан, балки талаб томони билан ҳам ишлашни кўзда тутганмиз. Жамият нимани талаб қилаяпти, демак жамият ҳуқуқ устуворлигини ўрнатиш ва таъминлашни талаб қилаяпти. Кейинчалик биз ушбу мақсадларга эришиш учун фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ОАВлар билан ишлашни режалаштирганмиз. Ушбу соҳа нафақат биз учун балки бошқа халқаро ташкилотлар учун ҳам янги соҳа ҳисобланади. Бунда биз аҳолининг, кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий билими, хабардорлиги ва саводхонлигини ошириш масалаларида ишлаймиз. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, одамларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш боғча ёшидан бошланиш керак. Давлат раҳбари яна, – ҳуқуқий билим оналарнинг фарзандларига куйлаб бераётган аллаларида ўз аксини топиши лозим, – деган фикрни илгари сурган эдилар. Бу ўзига хос чиройли фикр бўлди деб ўйлайман. Келгусида АҚШ каби мамлакатлар суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият юритаётган орган ва ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан манфаатдор деб ўйлайман.

Суд-ҳуқуқ соҳасида АҚШ тажрибасига тўҳталадиган бўлсам, умуман олганда қонун устуворлигини таъминлаш концепцияси Америка ҳаётида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади. Лекин у концепция Американинг ўзида ҳам таҳминан 240 йил олдин пайдо бўлган ва бу концепцияга асос солган шахсларга нисбатан айнан мамлакатимизга асос солган оталар деб мурожаат қиламиз. Авваламбор, бу концепция – ҳуқуқ вакили бўлмиш инсонлар камчиликни, халқ эса кўпчиликни ифодалайди деган бир фикрдан келиб чиққан. Ҳукуматда бўлган камчилик ўзининг манфаатларини илгари суриш, ҳимоялаш ва амалга тадбиқ этиш йўлида кўпчиликнинг манфаатларига зид ва қарши равишда ҳаракатланиши мумкин. Шунинг учун ҳам биз мамлакатимиз гуллаб-яшнаши ва барқарор ривожланиши учун ҳукуматда алоҳида бир шахсларни, етакчиларни қўллаб-қувватлашимиз эмас, балки мамлакатда ҳуқуқ устуворлигини таъминловчи тизимларни шакллантиришимиз керак ва бу тизимларни амалга тадбиқ этишимиз лозим, деган ҳулосага келганмиз. АҚШ бу соҳада ниҳоятда катта, кўп йиллик, кўп асрлик тажрибага эга десам муболаға қилган бўлмайман. Лекин, шунга қарамасдан, бугунги тадбирда иштирок этган Франция, Германия каби бошқа мамлакат вакиллари ҳам айтиб ўтганидек, улар ҳам ниҳоятда улкан тажрибага эга ва Ўзбекистон билан ўзининг энг илғор тажрибаларини ўртоқлашишга тайёр. Шунинг учун ҳам мен Ўзбекистон ҳукумати ва халқини АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг ушбу соҳадаги тажрибасидан кенг фойдаланиши ҳамда юртингиз шароитларини инобатга олган ҳолда амалга тадбиқ этишига чақириб қоламан.