"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Матилда Димовска: Адвокатлар мустақиллигини таъминлаш ҳам муҳим


2020 йилнинг 15 январь куни Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координатори томонидан халқаро анжуман ташкил этилди. Ушбу давра суҳбати Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида акс этган устувор йўналишлар муҳокамасига бағишланди.

Қуйида тадбирда иштирок этган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовсканинг фикрлари билан танишишингиз мумкин.

- БМТнинг Тараққиёт дастури номидан ташкилотимиз Ўзбекистонда ҳозирда суд-ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати ва  Олий суд билан бир неча йўналишларда судяларнинг мустақиллиги, суд тизимининг шаффофлиги ва суд ваколатлари юзасидан кенг кўламда ишлар олиб бораяпмиз ва USAID ва Европа Иттифоқи билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Демак суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш ҳам бизнинг ҳамкорлигимиз доирасида ниҳоятда устувор вазифа ҳисобланади.

Айтишим керакки, тизимда янада такомиллаштирилиши лозим бўлган йўналишлар ҳам мавжуд. Авваламбор, бу инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияларнинг меъёр ва нормаларини мамлакатда янада тўлақонли амалга оширилиши масаласи, бунда адвокатлар мустақиллигини таъминлаш ҳам жуда муҳим. Бундан ташқари, суд тизимида чекловлар ва мувозанат тизимини амалга тадбиқ этиш ҳам долзарб ҳисобланади.

Маълумки, БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи натижалари бўйича махсус ҳисоботи 2020 йилнинг июнь ойларида чоп этилиши кутилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу ҳисобот суд органлари мустақиллигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қилади.