"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Элдор Туляков: Ўзбекистон-Ҳиндистон ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга


2020 йил 15 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ҳиндистон элчихонаси томонидан «Ҳиндистон республика кунини нишонламоқда – 2020: Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар» мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ҳиндистон дипломатик корпуси вакиллари, «Тараққиёт стратегияси» маркази масъуллари, ҳар икки мамлакатнинг кўзга кўринган, таниқли экспертлари иштирок этишди.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқларини кўп асрлик маданий, савдо-иқтисодий алоқалар боғлаб туриши таъкидланди. Шу аснода Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси, энг аввало, 2014 йил май ойида имзоланган «Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот» сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Асосий минтақавий ва глобал масалаларни ҳал этишга ёндашувларнинг ўҳшашлиги халқаро ташкилотлар доирасида томонларнинг ўзаро ҳамкорлигининг ишончли асосидир. Ҳиндистон ҳукумати Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадал таъминлашга, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларни тўла қўллаб-қувватлайди. Ҳиндистон республиканинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолайди ва қўллаб-қувватлайди.

Томонлар иқтисодий соҳадаги муносабатларга муҳим аҳамият беришмоқда. Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича имзоланган ҳукуматлараро битимга мувофиқ, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш тартиби белгиланган. Бунда қўшма ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш, жумладан, инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати давомида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузасида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишларига тўхталиб ўтди. Умуман, у таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари икки томонлама юксак даражадаги ҳамкорлик билан ажралиб туради ва ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати