"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: ЎЗБЕКИСТОН ТУРКИЙ ТИЛЛИ ДАВЛАТЛАР ҲАМКОРЛИГИ КЕНГАШИ АЪЗОСИГА АЙЛАНДИ


2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлари бўйича ҳисобот даврида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Фуқаролар, миллатлар, конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш соҳасида

– Миллий маданият марказлари ва дўстлик жамиятларининг ролини, шунингдек, уларнинг жамоатчилик ҳаётидаги иштирокини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури (жами 141 та тадбир) тасдиқланди;

– Миллатлараро тотувлик принципларини қарор топтиришда минтақа мамлакатлари билан тизимли ҳамкорлик ўрнатиш, Марказий Осиёда миллатлараро кескинлик таҳдидларига биргаликда қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди;

– Ўтган йилнинг 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатлар экспертлари ва олимлари иштирокида “Марказий Осиё – умумий уйимиз” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Бир қатор муҳим халқаро тадбирлар ўтказилди

– 2019 йилда Ўзбекистонда бир қатор муҳим халқаро тадбирлар, шу жумладан, “Халқаро бахшичилик санъати фестивали”(5-10 апрель, Термиз шаҳри), “Шарқ тароналари” (20-26 август, Самарқанд шаҳри) ва “Биринчи халқаро амалий санъат” (10-15 сентябрь, Қўқон шаҳри) фестиваллари ўтказилди.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгаши аъзосига айланди

– Давлатимиз раҳбари 2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлисида маъқулланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур битимга Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатлари аъзо ҳисобланиб, “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Битим” 2009 йилнинг 3 октябрида Нахичеван шаҳрида давлат раҳбарлари томонидан имзоланган эди.

Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат

– Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги консуллик муассасалари Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Россия ва Қозоғистон давлатларидаги Ўзбекистон консуллик муассасаларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий қилинди;

–  “Интерактив консуллик хизматлари” ахборот тизимининг янги шакли татбиқ қилиниб, Россия Федерациясидаги фуқароларимиз учун “call-centеr” хизмати жорий этилди;

– Ўзбекистоннинг кўплаб меҳнат мигрантлари фаолият юритаётган шаҳарларда (Россия Федерациясининг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов–Дон, Екатеринбург, Владивосток ва Қозоғистоннинг Актау шаҳарларида) консуллик муассасалари ишга туширилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати