"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИНГ УЧИНЧИ ЙИЛИДА НИМАЛАР ЎЗГАРДИ? 
1342 | 24 Ян. 2020 й.


Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори
 

Бугун Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар натижасида мамлакатни жаҳон танимоқда ва тан олмоқда. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси ва ҳаётбахш ғоялари асосида ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Ўзбекистоннинг бош стратегик ривожлантириш ҳужжати ҳамда шу асосда қабул қилинаётган Давлат дастурларини амалга оширишнинг учинчи йили ҳам ниҳояланди. Президентимиз бугун парламентга йўллаган Мурожаатномасида алоҳида қайд этганидек, шу уч йилда дастлабки, лекин ўта муҳим ва салмоқли натжаларни қўлга киритдик. Хусусан, ўтган 2019 йил ҳам муносиб ютуқлар ва юксак марралар йили бўлди.

Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг номи халқаро майдонда тез-тез юқори даражада эътироф этилмоқда. Масалан, Буюк Британиянинг “The Economist” ҳафталик журнали ўтган йили юртимизни «Йил давлати» сифатида эътироф этди. Американинг “Harper's Bazaar” нашри эса, 2020 йилда албатта саёҳат қилиш лозим бўлган 20 та энг яхши йўналиш рўйхатида Ўзбекистонни биринчи ўринга лойиқ, CNN Travel сайти 2020 йилда саёҳат учун энг яхши жой, деб топди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан жадал тараққий этаётган, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришаётган, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароити тубдан яхшиланаётган, ҳаёт даражаси изчил юксалаётган мамлакат сифатида эътироф этилмоқда.

Шу маънода, ўтган 2019 йил якунларига назар ташласак, Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг биринчи йўналиши – Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш юзасидан қатор амалий чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилди.

Хусусан, “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унда Конституция ва бошқа Қонунларга Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзодини Бош вазир тақдимига биноан Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш ва Президент томонидан тасдиқлаш тартиби белгилаб қўйилди. Шунингдек, ҳукумат аъзолигига номзоднинг эндиликда соҳани ривожлантириш бўйича яқин муддатга ва истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури билан депутатлар олдида чиқиш қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Ўз навбатида, ҳукумат аъзоси бундан буён ўз ҳаракат дастури ижроси бўйича Олий Мажлис палаталари, уларнинг қўмиталарида мунтазам равишда ахборот бериб боради. Ҳудудлар кесимида эса, вилоят, туман ва шаҳар давлат органлари раҳбарларини тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Энг аввало, қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Олий Мажлис Сенатида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш, Қонунчилик палатасида эса Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ, 2019-2020 йилларда Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди. Мазкур Фармон коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Ана шу мақсадлар йўлида 2019 йил 1 августдан эксперимент тариқасида капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Энг муҳим ўзгаришлардан яна бири, бу шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг қабул қилинганидир. Мазкур кодексда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари билан боғлиқ бир бирини такрорловчи нормалар акс этган бешта Қонун бирлаштирилиб, бугунги кунга қадар тарқоқ ҳолда амал қилган сайлов тўғрисидаги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари халқаро норма ва стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб кодификация қилинди ҳамда сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувлар назарда тутилди. Натижада “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида яқинда бўлиб ўтган сайловлар барча демократик тамойилларга таянган ҳолда, халқаро стандартлар талабларига мос даражада, очиқ ва ошкор ташкил этилганини халқаро миссиялар вакиллари, халқаро экспертлардан иборат кузатувчилар, хорижнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам эътироф этишди.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу борада судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда низоларни судгача ҳал қилиш мақсадида медиаторларни тайёрлаш тизими яратилгани, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат этилиб, уларга суд экспертизаларининг 44 та турларини ўтказиш ҳуқуқи берилди. Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этилгани эса, суд тизимида малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича юқори самарадорлик таъминланишида муҳим аҳамият касб этади. Аҳолини бепул ҳуқуқий ёрдам билан таъминлаш мақсадида “Advice.uz” бепул интерактив ахборот портали очилиб, унда фуқаролар ҳаёти давомида тўқнаш келадиган мингдан ортиқ ҳолатларнинг юридик ечимлари аниқ ва содда тилда савол-жавоб шаклида баён этиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани, Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси ёпилганини эса, бутун жаҳон ҳамжамияти олқишлаганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Ҳукм қилинган шахсларга пенсия тўлаш тартибининг жорий этилгани ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади эканидан далолатдир.

Юртимизда ҳар бир ҳудудда содир этилган жиноятлар бўйича кунлик тезкор маълумотларни ҳокимликларга тақдим этиб бориш амалиёти йўлга қўйилгани, 1,5 мингдан ортиқ профилактика инспектори, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича 301 нафар профилактика катта инспектори, мурожаатлар билан ишлаш бўйича 214 нафар офицер, вазияти оғир ҳудудларда 89 нафар психолог лавозимлари жорий этилгани, ўз навбатида, жиноятчиликнинг кескин камайишига сабаб бўлди. Мисол учун, ўтган 2018 йилда республикада 49011та жиноят содир этилган бўлса, 2019 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 46089  тани ташкил этди ёки 2922 тага, салмоқли равишда камайди.

Шунингдек, 2019 йилда давлат нотариал идоралари босқичма-босқич хусусий нотариал идораларга айлантирила бошланиши, қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликлардан рухсат олиш талабларининг бекор қилиниши, битимларни видеоконференцалоқа режимида амалга оширишга рухсат этилиш, мол-мулк лизинги ва ипотека шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши каби янгиликлар юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлидаги изчил ислоҳотлар самарасидир.

Умуман, давлат дастурининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўйича 2019 йилда 24 та Қонун, 13 та Президент Фармон ва қарорлари, 51 та Ҳукумат қарорининг қабул қилингани ва ҳаётга тадбиқ этилгани бу соҳада нақадар кенг ва салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилганини тасдиқлаб турибди.

Давлат дастури доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида порахўрлик ҳолатлари бўйича 2018 йилда 1202 та жиноят рўйхатга олинган бўлса, 2019 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1071 тани ташкил этиб, 10,9 фоизга қисқаришига эришилди. 

Жамиятда криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб белгиланди.

Жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш ва жиноят содир этган шахсларни жиноий таъқиб қилиш муддатлари мақбуллаштирилди.

Шунингдек, агар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб йигирма беш йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.

Суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича қўшимча кафолатлар яратиш юзасидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактлар бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан жиноят ишини қўзғатишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг розилиги билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарининг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланди.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, ўтган қисқа давр мобайнида соҳада халқаро стандартларга мос тизимли янгиланишларнинг амалга оширилиши соҳани янада эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишнинг янги имкониятларини очиб берди. Айниқса, миллий валюта – сўмнинг эркин конвертацияси жорий этилгани, солиқ ва бюджет сиёсатининг янги асосда шакллантирилгани, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш кескин кучайтирилгани муҳим ўзгаришлардан бўлди.

Ушбу ўзгаришларнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда. Жумладан, иқтисодиётнинг мазкур йўналишларини тартибга солиш ва такомиллаштириш бўйича Президентнинг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди, шунингдек, “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги янги қонун кучга кирди, Солиқ ва Божхона кодексларига, Солиқ ва Божхона хизматлари тўғрисидаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, такомиллаштирилди. “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Марказий банк тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.

Буларнинг бари миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга, тармоқларда жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Шу ва бошқа омиллар эвазига 2019 йил ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиш суръати 5,4 фоиз белгиланган прогноз кўрсаткичи ўрнига 5,5 фоизни ташкил этди ҳамда 2018 йилда эришилган 5,1 фоиз кўрсаткичидан юқори бўлиши таъминланди. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинган 2019 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 220,7 трлн сўмга етказилиб, тасдиқланган йил прогнозига нисбатан 2 баробарга ўсишга эришилди. Шу ўринда асосий капиталга инвестициялар хажми 189,9 трлн сўмни, 2018 йил кўрсаткичларига нисбатан ўсиш суръати эса 1,3 баробарни ташкил этганини таъкидлаш лозим.

Инвестиция фаолиятининг сезиларли ўсиши 13,3 млрд. долларни ташкил этган ҳорижий инвестицияларнинг оқими ва ўзлаштирилиши билан бевосита боғлиқ бўлиб, унда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар – 9,3 млрд. доллар, шундан асосий капиталга – 6,6 млрд. доллар, давлат кафолати остидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар – 4,0 млрд. доллар, шундан асосий капиталга – 3,2 млрд доллар ўзлаштирилди. Бунда ўзлаштирилган тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий инвестициядаги улуши 37 фоизга етказилди.

Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг яна бир ўта муҳим жиҳати, уларнинг ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантиришга қаратилганидир. Бу борада маҳаллий бюджетларнинг юқори бюджетларга бўлган боғлиқлигини кескин камайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет маблағларини бошқаришдаги мустақиллиги ва масъулиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар барча бўғиндаги бюджетларнинг барқарорлигини таъминловчи тизимни яратибгина қолмай, Давлат бюджетининг мутаносиблигини ҳамда самарали ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мазкур чора-тадбирларнинг ҳаётга жорий этилиши ниҳоятда қисқа муддатда ҳудудларнинг ресурс салоҳиятидан унумли, самарали фойдаланишга, мавжуд имконият ва резервларни ишга солишга, маҳаллий бюджетлар даромадларининг ортишига катта имконият яратиб берди.

Тўртинчи – Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларига келсак, бугун якка-ёлғиз нуронийларга, кам таъминланган, кўп болали оилаларга ҳамда ногиронларга кўрсатилаётган меҳр-оқибат, диққат-эътибор – уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, уй-жой билан таъминлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг эътиборини кучайтириш, моддий таъминотини кескин яхшилаш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар ҳам бугунги янги босқичдаги ислоҳотлар мевасидир.

Зеро, “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби Давлат дастурлари ва режалари доирасида олиб борилаётган ишлар бугун халқнинг ҳаёт даражаси ҳамда фаровонлигини ошириш йўлидаги ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги бешинчи устувор йўналишлар борасида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасида олиб бораётган фаол ва самарали, очиқ ва креатив фаолияти дунёнинг барча давлатлари, халқаро ташкилотлар билан алоқаларнинг янада кенгайиши ва ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Бу ўринда, биринчи навбатда, ён қўшни – жон қўшнилар бўлган Марказий Осиёнинг бошқа қардош давлатлари билан муносабатлар илиқлашгани, орадаги музлар эригани, ўзаро манфаатли алоқалар изчил йўлга қўйилгани, минглаб оддий одамларнинг чегаралардан бемалол ўтаётгани, минтақа бўйлаб эркин ҳаракатланиш, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш учун барча шароитларнинг яратилгани муҳим тарихий қадам бўлди.

Давлат раҳбарининг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти экани тўғрисидаги фикрлари БМТ ҳамда бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар, жаҳондаги етакчи давлатлар эътиборини ушбу мураккаб муаммонинг ечимига қаратди. Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Шу билан бирга, жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим, маданият ва спорт, соғлиқни сақлаш, гуманитар соҳаларида, шунингдек, терроризм, диний экстремизмга қарши кураш, хавфсизликни таъминлаш юзасидан ўрнатилган ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг тобора кенгайиб ва мустаҳкамланиб бораётгани диққатга сазовор. Буларнинг барчаси мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустақил сиёсатини қатъий давом эттирмоқда ва бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Мамлакатда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилиб, кейинги уч йилда етти марта афв эълон қилинди. Натижада қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 минг нафарга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилди. Мустақиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колониясининг ёпилгани, 156 нафар фуқаро (асосан аёллар ва болалар) жанговар ҳаракатлар давом этаётган Суриядан қайтариб олиб келиниб, уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тиклангани халқаро жамоатчилик томонидан олқишланиб, бу мамлакатда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ҳаётий ифодаси экани таъкидланди. Умуман, бугунги Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари ва эркинликларини улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир давлат сифатида ўзини намоён этмоқда.

Энг муҳими, бугун Ўзбекистонда жамиятдаги мавжуд муаммоларга кўз юмиш, уни хаспўшлаш эмас, балки аҳолини қийнаётган ҳар қандай масалага ижобий ечим топишга бўлган интилиш кучайди, қонунлар ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсири ортиб бормоқда. Айниқса, мансабдор шахсларнинг ва давлат органларининг масъулияти анчайин ошгани, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил ҳаётда ўз амалий ифодасини топаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, эркин ва адолатли жамият шаклланишига, унда соғлом муҳит қарор топишига, одамларнинг рози бўлишига ва амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайишига ҳамда юрт тараққиёти йўлида астойдил, фаол иштирок этишига замин яратмоқда. Бу ҳаётбахш ислoҳoт вa янгилaнишлaр бутун жaмиятни, унинг аъзолари бўлган ҳaр бир инсoнни aмaлий ишлaргa сaфaрбaр этиб, эл-юрт мaнфaaтлари, Ватан кeлaжaги йўлида жипслаштирмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида 2020 йилда ҳам бундан уч йил олдин мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида бошлаган буюк ишларимизни янгича мазмун-моҳият билан бойитган ҳолда қатъий давом эттиришимиз, ютуқларимизни мустаҳкамлаб, янада дадил ва улкан қадамлар ташлашимиз шартлиги алоҳида таъкидланди. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши, бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар фоизлар, рақамлар, қоғознинг ортидан қувмасдан, ҳар бир фуқаро учун, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун ишлаши лозим, деган қоида ҳар бир мутасадди фаолиятининг устувор йўналишига айланмоғи даркор.

Зеро, Мурожаатномада эътироф этилганидек: “Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихнинг янги саҳифасини яратишга қодирмиз”.

 

 

 

 


0
Похожие новости