"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СУД ЖАЗОЛОВЧИ ЭМАС, ИНСОН ҲУҚУҚ-МАНФААТЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯЛОВЧИ ОРГАНГА АЙЛАНМОҚДА


Маълумки, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам ҳимояда бўлган, унинг қонуний манфаатлари ва қонун устуворлиги сўзсиз таъминланган давлат жадал тараққий этади, шу билан бирга, жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи баланд бўлади.

Ушбу жиҳатлар кейинги 3 йил ичида янги Ўзбекистон мисолида яққол бўй кўрсатди. Айниқса, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирларининг халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғун тарзда амалга оширилгани қисқа вақт ичида кутилганидан ҳам зиёд натижаларни кўрсатгани айни ҳақиқат.

Хусусан, судларни чинакам маънодаги “Адолат қўрғони”га айлантириш борасида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган ислоҳотлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун, деган тамойилнинг ҳаётдаги амалий ифодаси бўлди.

Давлат раҳбарининг куни кеча Олий Мажлис палаталарига қилган навбатдаги Мурожаатномасида бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада кучли мазмун-моҳият билан изчил давом эттирилиши таъкидланди. Унда эътироф этиганидек: “Ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан 4 та муҳим омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш; коррупцияга қарши қатъий курашиш; институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ”.

Мурожаатда жорий йилда суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – энг муҳим вазифа бўлиши зарурлиги, дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида амалга ошириб келинаётган Давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижросининг изчил таъминланаётгани аниқ натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимидаги бундай янгиланиш ва ўзгаришларни БМТнинг судьялар мустақиллиги бўйича махсус вакили Гарсия Саян жаноблари ҳам алоҳида эътироф этгани қувонарли ҳол, албатта.

Суд соҳасидаги энг салмоқли ва энг катта ютуқ бу шубҳасиз, ўтган уч йилда 1.989 нафар фуқарога, 2019 йилнинг ўзида эса, 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганидир. Ваҳоланки, мустақилликка эришганимиздан буён то 2016 йилгача суд жазо белгилаган шахснинг оқланиши хусусида ҳатто тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида яна таъкидлаганидек, ўтган йили 3.081 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2.623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган ва ўзгартирилган.

Мурожаатномада, шунингдек, энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келгани алоҳида эътироф этилди.

Бундан буён эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш, фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкинлиги белгиланиши халқимизнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. Ҳар бир инсон суд остонасига қадам қўяр экан, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилади.

Ўз навбатида, бундан 20-25 йиллар муқадда қабул қилинган суд-ҳуқуқ соҳасига оид асосий қонун ва кодекслар бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янгитдан қабул қилинади. Бу борада, энг аввало, инсон ҳуқуқларига доир илғор стандартларни тергов ва суд амалиётига жорий этиш устувор аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, судларни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ва мустаҳкам ҳимоя қиладиган, демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантириш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар тизимли равишда давом этаверади. Бу йўлда энди орқага қайтилмайди.

Зоҳиджон ЗАРИФОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Лойиҳа координатори