"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИДА ЖАРАЁН ЭМАС, НАТИЖА МУҲИМ
220 | 29 Ян. 2020 y.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси нафақат халқимиз, балки кенг халқаро жамоатчилик томонидан ҳам қизғин қаршиланди.

Унда эътироф этилганидек, Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Маърузада таъкидланган энг муҳим жиҳат, ҳақиқатан ҳам, биз ким бўлишимиздан, қайси соҳада, қайси вазифада фаолият кўрсатишимиздан қатъий назар, биринчи навбатда, Конституциямиз ва қонунларимизни яхши билишимиз, нафақат билишимиз, балки ҳурмат ҳам қилишимиз шарт. Бинобарин, қонунларимиз устувор бўлсагина илғор ва тараққий этган давлат барпо этиб, фаровон ва бахтли ҳаёт кечирамиз.

Конституция ва қонун устуворлигига эришишда эса, табиийки, жамоатчилик назорати институтидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Аслида жамоатчилик назорати юртимизда узоқ тарихий илдизларга эга. Бу институт бизда қадим-қадимдан оқсоқоллар Кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Бу Кенгашлар маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик ва бошқа жамоат ишлари билан шуғулланадиган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланган.

Бугунги кунда эса, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати омили жуда муҳим аҳамият касб этади. Давлат органлари раҳбар-ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида бу институтнинг таъсир доираси ниҳоятда юқори.

Шундай экан, жамоатчилик назоратини амалга оширишда, биринчи навбатда, барча фуқароларнинг, қолаверса, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш лозим. Бу борада бугун мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари ҳар бир инсон онгида шаклланиши керак. Биз ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлсак, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо берсак, ўз фикр-мулоҳазаларимизни эмин-эркин баён этсак, ана ўшанда чинакам қонун устуворлиги таъминланади.

Эътироф этиш керак, кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган прагматик, очиқ-ошкора ва шаффофликка асосланган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси туфайли жамиятимизда жамоатчилик назоратининг ҳам таъсир доираси сезиларли равишда кучайди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари хатти-ҳаракатларига нисбатан билдирилаётган муносабат туфайли кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилаётганини барча кўриб, билиб турибди.

Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати ижтимоий адолатни қарор топтириш учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилади. Мазкур институт юртимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатлангани, балки давлат органлари фаолиятида устувор аҳамиятга эга эканлигини таъминлайди ва бунда жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади.

Маълумки, давлат раҳбарининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгилаб берилганди. Унга асосан, жамоатчилик кенгаши давлат органи раҳбарининг қарори билан ташкил этилиши, у ўз ишини жамоатчилик асосида олиб бориши ҳамда доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланиши, унинг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга ҳисобланиши назарда тутилганди.

Бироқ, орадан мана 1,5 йил ўтяптики, давлат органлари ҳузурида тузилган жамоатчилик кенгашлари фаолияти бугунги кун талаблари даражасида ташкил этилмаяпти. “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан олиб борилган мониторинг ишлари ва таҳлиллар натижаси бу каби жамоатчилик ишлари аксарият ҳолларда номигагина, расмиятчилик учун фақат қоғозда ташкил этилгани, реал ҳаётда уларнинг ўрни ва роли деярли сезилмаётганидан далолат бермоқда.

Ваҳоланки, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирларга мувофиқ, қабул қилинган ва 2018 йил 13 апрель кунидан бошлаб кучга кирган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлашда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг фаолияти самарадор бўлиши долзарб аҳамиятга эга.

Хусусан, ушбу Қонунда давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; эшитуви; мониторинги; экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш каби жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг саккизта шакли белгилаб қўйилган.

Бироқ, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ўрганишлар якунлари жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ушбу шаклларидан фойдаланиш ва аниқ натижаларга эришиш ишлари қониқарли эмаслигидан далолат бермоқда. Айниқса, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси каби нормалар деярли фаолиятга жорий этилмаяпти. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш амалиёти ҳанузгача йўлга қўйилмаган.

Қонунда давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари жамоатчилик эшитувларини ўтказишлари мумкинлиги белгиланган бўлса-да, бу норманинг ҳам амалиётда ишлатилиши ниҳоятда суст кечмоқда. Жамоатчилик фикрини ўрганиш институтидан эса, фақатгина саноқли нодавлат ташкилотлар фойданишмоқда, холос.

Бинобарин, Давлат раҳбари Конституциямизнинг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаган: “Қонунларимиз қанчалар халқпарвар ва мукаммал бўлмасин, уларнинг мазмун-моҳиятини билмасак, ҳуқуқий онгимиз ва маданиятимиз етарли бўлмаса, ҳуқуқий бурч ва масъулият кундалик турмуш тарзимизга айланмаса, ислоҳотлардан кўзлаган мақсадларимизга етишимиз мавҳум бўлиб қолаверади”, – деган сўзлар исботини айнан юқоридаги ҳолатларда яққол кўриш мумкин.

Шу ўринда жамоатчилик назоратининг судлар фаолиятидаги ўрни ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Кейинги вақтларда Ўзбекистонда ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти изчил йўлга қўйилгани, ўз навбатида, судларда қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишига хизмат қилмоқда.

Маълумки, судларда жиноят ишларининг адолатли тарзда кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилишида жамоатчиликнинг иштирок этиши Конституцияда белгилаб қўйилган. Унинг 32-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. «Судлар тўғрисида»ги Қонунда эса, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ҳамда ҳудудий ҳарбий судлар таркибида халқ маслаҳатчилари иштирок этиши назарда тутилган.

Албатта, халқ маслаҳатчиларининг судлардаги иштироки шахс, жамият ва суд ҳокимияти ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаши баробарида, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омили ҳамдир. Шу билан бирга, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, айниқса, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар бор. Бу борада халқаро амалиёт ва ривожланган давлатлар тажрибасини атрофлича ўрганиш ва мақбул жиҳатларни Ўзбекистон суд тизимига татбиқ этиш фойдадан холи бўлмайди.

Масалан, Францияда вояга етмаганлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар 3 нафар малакали судья ва 9 нафар суд маслаҳатчиси иштирокида кўрилади. Мабодо, судья суд маслаҳатчиларисиз, ўзи якка тартибда вояга етмаганларнинг жиноий ҳаракатларига доир ишларни кўрадиган бўлса, бу ҳолда судья судланувчига нисбатан фақат тарбиявий ва назорат чораларинигина қўллаш ҳуқуқига эга, холос. Англияда эса, суд маслаҳатчилари қотиллик жиноятларини, табиий бўлмаган ёки гумонли ўлим ёки ўлимнинг сабаби аниқланмаган ҳолатларни текширишда иштирок этади. Японияда халқ судьялари оғир жиноят ишларининг муҳокамасида судья сифатида қатнашиш ҳуқуқига эга. Бунда судлов ҳайъати таркиби олти нафар халқ судьяси ва уч нафар профессионал судьядан иборат бўлади. Айбланувчи халқ судьясидан воз кечиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Европанинг аксарият давлатларида эса, суд маслаҳатчилари профессионал судья билан шахснинг айбдор ёки айбсизлиги, шунингдек, судланувчига жазо чорасини белгилаш билан боғлиқ масалани биргаликда ҳал этади.

Умуман, одил судловни амалга ошириш жараёнида жамоатчилик назоратидан кўзланган мақсад — муайян суд иши юзасидан адолатли ва холис суд қарорларининг чиқарилишига эришишдан иборат.

Мухтасар ифодалаганда, жамоатчилик назоратининг асосий қуроли – бу қонун. Жамоат ташкилотлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонунларга қай тарзда амал қилаётгани ва уларни қандай ижро этаётганини назорат қилади. Жамоатчилик назоратининг хулосалари ижро ҳокимиятининг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, хатоларни тузатиш, халқчилликни таъминлашга хизмат қилади.

Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссининг ортиши ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнининг муҳим шартларидандир. Яъни, давлат органлари аҳолига ўз сиёсати, ҳаракатларини тушунтириб бериши, халқ олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши бугунги замон талабидир.

Фикримизча, жамоатчилик назоратида жараён эмас, натижага қараб хулоса чиқариш зарур. Акс ҳолда, жамоатчилик назорати ижро ҳокимияти идораларини депсиниш ҳолатига тушириб қўяди. Шу сабабли жамоатчилик назоратида жараён эмас, натижа асосий мезон бўлиши лозим.

Хулоса шуки, «давлат ҳокимияти» ва «жамоатчилик назорати» бир-бирини тўлдирувчи тушунчалардир. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг бирлиги халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан бегоналашувининг олдини олиб, озчилик ва кўпчилик деспотизмига йўл қўймайди. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг уйғунлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

 


0
Похожие новости