"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТАЖРИБА АЛМАШИНУВИ – МУҲИМ ЖАРАЁН

2020 йил 31 январ куни «Тараққиёт стратегияси» марказида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Д.Розенблюм ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) директори Г.Роббинс билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда ислоҳотларнинг бориши,  уларни амалга оширишда ННТ ва аналитик тузилмаларнинг ўрни,  шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда элчи Д.Розенблюм фуқаролик жамияти институтлари ва республика таҳлил марказлари фаолиятига,  уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ўзгартиришдаги ролига қизиқиш билдирди. АҚШ элчиси Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда, мигрант ишчилар, уй шароитидаги зўравонлик қурбонлари ва одам савдоси қурбонларига зарур ёрдам кўрсатиш орқали фуқаролик жамиятининг заиф қатламлари интеграциялашувига салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади. У Суриядан қайтиб келган аёлларга, уларнинг ахлоқий ва маънавий аҳволини тиклаш ва жамиятга янада мослашишлари борасида ННТлар томонидан берилган ёрдам ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил орган ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси Америка томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Шу муносабат билан коррупция даражасини минималлаштиришда катта натижаларга эришган мамлакатларнинг халқаро тажрибасини ўрганиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Бунда жорий йилда устувор йўналиш бўлган ахборот технологияларини жорий этиш тизими бундай ҳуқуқбузарликларни минималлаштиришга салмоқли ҳисса қўшиши мумкин.

Шунингдек, элчи Д.Розенблюм Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда таҳлил марказлари, хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат дастури бандларининг бажарилишини мониторинг ва таҳлил қилиш борасида «Тараққиёт стратегияси» маркази фаолиятининг роли муҳим аҳамиятга эга эканлигига урғу берди. АҚШ элчиси «Тараққиёт стратегияси» маркази ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳамда «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти ваколатхонаси ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини қайд этди.

Учрашув якунида Америка томони икки мамлакатнинг «ақл марказлари» ўртасида тажриба алмашишнинг мақсадга мувофиқлиги,  шунингдек,  АҚШ ва Ўзбекистон мутахассислари ва экспертлари иштирокида қўшма тадбирлар ўтказиш борасида фикр билдирди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати