"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН-ИТАЛИЯ: ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК КЕНГ ҚУЛОЧ ЁЙМОҚДА

2020 йил 7 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» марказида Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Андреа Бертоцци билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, Италия элчихонаси ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ўртасида савдо-сотиқ, бошқарув, инвестиция, маданият ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан,  элчи А.Бертоцци 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнига катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг очиқлиги, яшаш жойидаги одамларни рўйхатга олиш ва республикада яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни бериш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ўзининг ижобий фикрларини билдирди.

Учрашувда элчи Италиянинг бир қатор таҳлилий марказлари:  Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институти (ISMAA), Eurispes сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар институти ва Европа Амброзетти уйи билан «Тараққиёт стратегияси» маркази ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади.

Бундан ташқари, элчи Ўзбекистон билан маданият соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, Ўзбекистонда музейларни ривожлантириш ва Италияда ўзбек миллий ресторанларининг очилишига қизиқиш билдирди. Бу, унинг фикрича, икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва Италиядан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этишга ёрдам беради. Шу билан бирга, элчи Ўзбекистонда бошқарув масалалари бўйича йирик компаниялар учун бир қатор семинарлар ўтказиш мақсадга мувофиқлигини, шунингдек, туризм соҳасини диверсификация қилиш ҳам муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунида элчи А.Бертоцци Ҳаракатлар стратегиясининг амалга ошишида муваффақиятлар тилаб, Италия элчихонаси ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ўртасида янада самарали ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати