"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди


Яқинда ишчи гуруҳнинг ўтказилган йиғилишда 2020-2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзолари, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Экспертлар ва комиссия аъзолари мазкур стратегия лойиҳаси муддати ва бу борада қайси ташкилотлар масъул бўлиши каби масалалар юзасидан сўз юритишди.

Таъкидланганидек, стратегияга кўра, хотин-қизларнинг иқтисодий ресурслардан, шу жумладан, кўчар ва кўчмас мулк, ер, молиявий кредитлар, жамоатчилик жамғармалари, шунингдек, эркин танланган тадбиркорлик фаолияти турларидан тенг фойдаланиш ҳуқуқи қўллаб-қувватланади. Мамлакатнинг чекка ва узоқ қишлоқ ҳудудлардаги хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш бўйича дастурлар янада такомиллаштирилади. Аёлларнинг бандлик ва меҳнат бозоридан фойдаланиш ҳуқуқини кенгайтириш учун мактабгача ва бошланғич мактаб таълимининг оммабоплигини оширишга эътибор қаратилади.  Уларнинг молиявий билим ва малакаларини ривожлантириш ҳамда кенгайтириш, молиявий институтларнинг барча хизматларидан фойдаланиш имконини яратиш, шу жумладан, банклар ва кредитлар билан ишлаш кўникмалари ошириш, имтиёзли кредитларни жорий этиш устида иш олиб борилади.

Энг муҳими, гендер стратегияни амалга ошириш Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги стратегик мақсадлар контекстида қабул қилинган миллий ва халқаро мажбуриятлар (Пекин Декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқалар) ни бажаришга кўмаклашади.

Шунингдек, экспертлар жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш каби мураккаб масалалар биргина давлат ҳамда жамоат тузилмалари зиммасига юклатилган вазифа эмаслиги, бу борада барчанинг фаол иштирокини кучайтириш муҳимлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати