"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ГЕРМАНИЯГА ТАШРИФ САМАРАЛИ БЎЛДИ
945 | 27 Фев. 2020 y.


Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 24-26 февраль кунлари «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Э.Туляков, Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари У.Абидхўжаев ва Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маркази раҳбари Б.Мустафоевдан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Германия Федератив Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб, Берлин шаҳрида қатор учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларда иштирок этишди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Президентининг Парламентга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, шунингдек, мамлакат тараққиёти йўлида ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ҳақида немис жамоатчилигини хабардор қилиш, ўз навбатида, Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, минтақавий ва глобал савдо-иқтисодий тузилмалар билан ҳамкорлик қилишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

ЎЗБЕКИСТОН-ГЕРМАНИЯ ҲАМКОРЛИГИДА ГЕРМАНИЯ ИҚТИСОДИЁТИ ШАРҚИЙ ҚЎМИТАСИНИНГ САЛМОҚЛИ ҲИССАСИ БОР

Ўзбекистон делегацияси ўз учрашувларини 25 февраль куни Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунер билан мулоқотдан бошлади.

 

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси – немис корхоналари уюшмаларини бирлаштирувчи муассаса ҳисобланади. Қўмита 1952 йилдан буён Россия, Беларусь, Украина, Марказий Осиё, Кавказ ва Жанубий-Шарқий Европа бозорларида немис компаниялари манфаатларини ҳимоя қилиб келади. Ушбу ташкилот Германиянинг иқтисодиёт ва сиёсат секторлари ўртасида воситачи вазифасини бажаради. Шарқий қўмита Марказий Осиё ва Шарқий Европа давлатлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасидаги расмий мулоқотни мувофиқлаштириб боради ҳамда ушбу минтақалар учун энг долзарб маълумотлар тўпламини ишлаб чиқади.

 

Учрашув аввалида жаноб Кинсбрунерга Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган қатъий янгиланиш ва ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиётни эркинлаштириш, хорижий инвесторлар учун қулай имкониятлар яратиш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга қаратилган салмоқли саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бизнес ривожи йўлида қабул қилинаётган зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, инвесторларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар, бу борадаги тобора мустаҳкамлаб борилаётган ҳуқуқий база ҳамда Ўзбекистон раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда амалга оширилиши назарда тутилаётган чора-тадбирларнинг мазмун ва моҳияти, улардан кутилаётган натижалар хусусида батафсил сўз борди.

Ўз навбатида, жаноб Кинсбрунер Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси икки давлат орасидаги самарали савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни, шунингдек, минтақавий ва глобал савдо-иқтисодий тузилмалар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда ҳар қандай кўмакка тайёр эканини маълум қилди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда мамлакатда германиялик ишбилармонлар иштирокидаги 130 дан ортиқ компания фаолият кўрсатмоқда.

Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2018 йилда 772 миллион АҚШ долларидан ортган бўлиб, бу 2017 йилдаги 619,9 миллион долларга нисбатан 24,5 фоиз кўп, демакдир. Ўтган 2019 йилда эса, бу кўрсаткич 980,1 миллион долларга етди ва 2018 йилга нисбатан 27 фоиз ўсишга эришилди.

ҲУКУМАТ ЎЗБЕКИСТОНГА ЯНАДА КЎПРОҚ ИНВЕСТОРЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШНИ ХОҲЛАЙДИ

25 февраль куни делегация аъзолари Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар марказида (ZOiS) шу “Янги Ўзбекистон сари йўл” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ўз ишларини давом эттиришди.


Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази Германия Бундестаги қарори билан ташкил этилган. Марказ мустақил халқаро ва фанлараро илмий-тадқиқот институти бўлиб,Давра Шарқий Европада ижтимоий аҳамиятга эга тадқиқотлар билан шуғулланади ва фаолият натижалари ОАВ орқали кенг тарғиб қилиб борилади. ZoiS Фонд кенгаши олимлар ва сиёсатчилардан иборат. Бундан ташқари, халқаро илмий кенгаш турли масалалар юзасидан Марказ раҳбариятига маслаҳат бериб боради.

 

Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков “Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар самараси ва 2020 йилдаги режалар” мавзусида Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, эришилган ютуқ ва марралар ҳақида тақдимот ўтказди.

Ўз навбатида, маърузачи Германия ишбилармон доиралари мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслигини, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга янада кўпроқ немис инвесторларини жалб этишни хоҳлашини, бу омил ҳар икки давлат учун ҳам манфаатли эканини қайд этди.

– Германия дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторида бўлиб, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлат ҳисобланади, – деди жумладан Элдор Туляков. – Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, юқори даражадаги инсон капитали, унинг тармоқланган инфратузилмаси, қулай инвестиция муҳити Германия билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг қулай геосиёсий жойлашуви ҳамда ижтимоий-сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлиги билан ҳам ажралиб туради. Шулардан келиб чиқиб, германиялик ишбилармонлар Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш ва диверсификациялашга йўналтирилган фаолиятида энг яқин ва ишончли ҳамкор сифатида фаол иштирок этишади, деган умиддамиз.

Тадбирда, шунингдек, ўзбекистонлик меҳмонлар томонидан мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, фуқаролар манфаатлари мужассам экани алоҳида эътироф этилди. Ҳукумат ва халқ ўртасидаги мулоқотнинг мустаҳкамланиб бораётгани аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари сиёсат, иқтисодиёт, экология ва маданият соҳаларида барча қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этмоқдалар. Ўзбекистон иқтисодиётини рақамлаштириш борасидаги дадил қадамлар эса, нафақат иқтисодиётни ривожлантиришни чекловчи омиллар – коррупция ва бюрократияни бартараф этиш, балки аҳолининг иқтисодий фаоллиги ва инвестициялар оқимини оширишга, янги иш ўринларини яратишга ҳам ёрдам беради.

Юқоридаги учрашувларни халқаро ОАВ вакиллари ҳам катта қизиқиш билан кузатишди ва ёритиб боришди. Масалан, Deutsche Welle нашри Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳудудида немис инвесторларини кўпроқ кўришни исташи, давлат ҳисобидан хорижда ўқиётган талабалар, сўнгги 3 йилда амалга оширилган ислоҳотлар, коррупцияга қарши кураш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот ҳақида таҳлилий материал эълон қилди.

ИҚТИСОДИЙ-СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРГА ОИД МАСАЛАЛАР МУҲОКАМАСИ

25 февраль куни куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Иқтисодиёт ва ташқи савдони қўллаб-қувватлаш бўйича Федерал уюшма (BWA) бошқаруви раиси Михаэл Шуманн ҳамда Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги фонд вакиллари билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказишди. Мулоқотлар давомида Ўзбекистонда рўй бераётган иқтисодий ва сиёсий жараёнларга доир кенг кўламли масалалар юзасидан амалий фикрлар алмашилди.

Иқтисодиёт ва ташқи савдони қўллаб-қувватлаш бўйича Федерал уюшма (BWA) минтақавий уюшмалар ва иқтисодий клубларга бўлинади. Клубларга айни шу ҳудуд вакиллари раҳбарлик қилишади. Иқтисодий клублар бошқаруви уюшма мақсадларини амалга ошириш учун масъулдир. Бошқарувчилар уюшма томонидан кўрсатиладиган хизматларни мувофиқлаштиради. Уюшма фаолияти сиёсий фаолларнинг ҳамкорлигига боғлиқ бўлиб, иқтисодиёт ва жамиятнинг барча соҳаларида фаолият юритаётганларга ўз хизматларини кўрсатиб келади. Федерал уюшма ўз олдига маҳаллий, минтақавий, федерал ва халқаро миқёсда иқтисодиёт ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиш, жумладан, сиёсатчилар, ишбилармонлар, жамият вакилларини бир давра атрофида бирлаштириш ва глобал тармоқни яратишни мақсад қилиб қўйган.

Уюшма Жон Кеннедининг ушбу машҳур иборасини ўзига шиор қилиб олган: “Сизнинг мамлакатингиз сиз учун нима қила олишини сўраманг. Яхшиси, мамлакатингиз учун сиз нима қила олишингизни сўранг”.

Ф.Эберта номидаги фонд эса, Германиядаги йирик сиёсий жамғармалардан биридир. У Германиянинг амалдаги коалицион ҳукумати таркибига кирувчи Германия социал-демократик партиясига яқин ҳисобланади. Фонд 1925 йил 2 мартда Веймар Республикасининг биринчи президенти ва социал-демократик ҳаракат раҳбари Ф.Эберт шарафига ташкил этилган. У асосан иқтидорли болаларни олий ўқув юртларида ўқитишни рағбатлантириш билан шуғулланади. Ҳозирги вақтда фонд ГФР ҳудудида, шунингдек унинг ташқарисида ҳам нуфузли ижтимоий-сиёсий ташкилот мақомига эга. У давлат томонидан молиялаштирилса-да, ҳуқуқий жиҳатдан жамоатчилик ташкилоти сифатида фаолият кўрсатади ва унинг бу мақоми Германия ташқи сиёсатида муҳим роль ўйнайди. Жамғарма 100 дан ортиқ мамлакат билан ҳамкорлик қилади ва унинг ваколатхоналари 80 га яқин давлатда иш олиб бормоқда.

Конрад Аденауэр номидаги фонд Христиан-демократик иттифоқ томонидан ташкил этилган ва Германиянинг энг йирик сиёсий фонди ҳисобланади. Фонд 1956 йилда урушдан кейинги биринчи Германия канцлери К.Аденауэр ташаббуси билан ташкил этилган ва 1964 йилдан унинг номи билан аталиб келмоқда. Фонд бошқаруви раиси – собиқ Бундестаг президенти Н.Ламмерт ҳисобланади. Бошқарув таркибида Германия канцлери А.Меркель ҳам бор. Ҳозиги кунда фонд 200 дан ортиқ лойиҳани ҳаётга татбиқ этиб келаётган 120 та давлатда ўз ваколатхоналарига эга. Фаолиятининг асосий йўналишлари –давлатга фуқароларнинг сиёсий билимини оширишда кўмаклашиш, таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш ва консультация воситасида сиёсий принципларни ишлаб чиқиш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида учрашувларни ташкил этиш, ривожланаётган давлатлар ёшларининг тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, маданият ва санъатни равнақи йўлида кўмаклашишдан иборат. Фонд Ўзбекистонда 1993 йил Санкт-Аугустинада (ГФР) имзоланган “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва К.Аденауэр номидаги фонд раҳбарияти ўртасида умумий келишув” асосида 1994 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда.

 

ГЕРМАНИЯЛИК МУТАХАССИСЛАРНИ НИМАЛАР ҚИЗИҚТИРДИ?

Ўзбекистон делегацияси аъзолари 26 февраль куни Германиянинг фан ва сиёсат жамғармаси – халқаро сиёсат ва хавфсизлик институти раҳбари, профессор Фолькер Пертес билан учрашдилар.

Германиянинг фан ва сиёсат жамғармаси – халқаро сиёсат ва хавфсизлик институти (SWP) салкам 60 йиллик фаолияти давомида халқаро сиёсат ва хавфсизлик муаммоларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиб келмоқда. Ушбу марказ 1965 йиллардаёқ ҳукумат, ГФР Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Германия Бундестагининг энг ишончли ва асосий таҳлил марказларидан бирига айланган. Шу боис марказга ГФР ҳукуматининг махфий ва конфиденциал характердаги ҳужжат ва ахборотларини олиш ҳуқуқи берилган.

 

Мазкур учрашувда институт вакиллари 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси қандай ўтгани, бунда фуқаролар иштирокининг фаоллиги, улардан қандай таклиф-мулоҳазалар келиб тушгани, бу жараёнда «Тараққиёт стратегияси» марказининг ўрни ва роли ҳақида маълумотлар олишга қизиқиш билдиришди.

Суҳбат давомида германиялик мутахассислар мамлакатда давлат бошқаруви органлари фаолиятида юз бераётган очиқлик ва шаффофлик ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, қолаверса, минтақавий ҳамкорлик масалаларида Ўзбекистон яхши ўрнак бўлаётгани ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди.

ҲАР ТОМОНЛАМА АЛОҚАЛАР ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Делегация аъзоларининг Германия Федереатив Республикасига ташрифи 26 февраль куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида ташкил этилган давра суҳбати билан якунланди. «Forum Neue Seidenstrasse e.V.» (FNS) ҳамда «Go East Generationen e.V.» (GEG) билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

Давра суҳбати очиқ мулоқот, савол-жавоблар ва самимий суҳбат шаклида, конструктив руҳда ўтди. Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар самараси ва 2020 йилги режалар ҳақидаги тақдимотдан сўнг, делегация аъзолари германиялик ҳамкорларнинг турли соҳалардаги кўплаб саволларига атрофлича жавоблар қайтаришди.

Хусусан, мамлакатда ўтган йил охирида бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остидаги сайловларнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари, ушбу сиёсий жараённинг халқаро талаблар даражасида юқори савияда ўтказилгани диққат марказида бўлди.

Шу билан бирга, музокараларда иқтисодий, сиёсий, геосиёсий масалалар ўзаро муҳокама қилинди.

Тадбир қатнашчилари ислоҳотлар нафақат пойтахтда, балки мамлакатнинг чекка ҳудудларида қандай амалий натижалар бераётгани билан ҳам қизиқишди.

Бундан ташқари, географик жиҳатдан жойлашув ва экологик муаммолар, жумладан, Оролбўйи фожиаси билан курашишда аниқ амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, Германия томони яшил иқтисодиёт, қайта ишлаб чиқариш жараёнлари, энергетика тармоғини ривожлантириш ҳамда муқобил энергия тизимини Ўзбекистонда жорий қилиш масалалари ва бу борада олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш юзасидан ўз муносабатини билдириб, таклиф ва тавсиларини берди.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон делегациясининг Германия Федератив Республикасига ташрифи икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестициялар жалб этишни фаоллаштириш, умуман, ҳар томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

«Тараққиёт стратегияси» маркази Ахборот хизмати


0
Похожие новости