• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“СЕНАТОРЛАР МАКТАБИ” ДОИРАСИДА НАВБАТДАГИ СЕМИНАР ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИГА БАҒИШЛАНДИ


Олий Мажлис юқори палатасида “Сенаторлар мактаби” доирасида навбатдаги семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Олий Мажлис Сенати томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси моҳияти ва уни амалга оширишда парламентнинг ўрни” мавзусига бағишланган семинарни Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев очар экан, “мазкур Стратегия нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчиликнинг фикрини мужассам этган биринчи тарихий ҳужжат ҳисобланади. У Ўзбекистон Республикасининг ривожланишида янги даврни бошлаб берди”, деб таъкидлади.

Семинарда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилишини ривожлантириш, шунингдек қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсатни юритиш борасидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази муассислигидаги “Ўзбекистон стратегияси” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Деҳқонов ўз тақдимот-маърузасида Ҳаракатлар стратегиясининг сўнгги уч йил мобайнида амалга ошириш натижалари ва самарадорлигига алоҳида урғу берди.

Таъкидланганидек, қисқа даврда устувор йўналишларда ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг роли тобора кучайиб бормоқда. Олий Мажлис палаталари коррупцияга қарши курашиш, ёшлар, оила ва хотин-қизлар масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилганидек, Давлат раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам Ўзбекистон учун демократик ислоҳотлар йўли яккаю-ягона ва энг тўғри йўл экани аниқ далиллар билан кўрсатиб берилган.

Иқтисодий соҳада тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш туризмни ривожлантириш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз иқтисодий ўсиш суръатлари йил сайин ошиб бормоқда.

Шунингдек, семинар якунида жамоатчилик билан ўтказиладиган учрашувларда Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, 2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида унинг ижросини таъминлаш, ижроия органлари устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш, амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳукумат, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботларини парламент ва маҳаллий Кенгашларда мунтазам эшитиб бориши каби қатор масъулиятли вазифалар  сенаторлар зиммасига юкланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати