"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ КЕНГ ТАРҒИБ ЭТИЛМОҚДА


Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида қабул қилинган Давлат дастурларининг мазмун-моҳияти, уларни амалга ошириб борилиши тўғрисида аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, хорижий ва маҳаллий инвесторлар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ҳамжамиятни кенг хабардор қилиб бориш “Тараққиёт стратегияси” марказининг устувор вазифаларидан бири саналади.

Шундан келиб чиқиб, Марказ ходимлари айни кунларда яқинда қабул қилинган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган чора-тадбирлар, қайд этилган вазифаларни амалга ошириш механизмлари, кутилаётган натижалар ҳақида жойларда кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот ишларини фаол олиб боришмоқда.

Ана шу мақсадларга йўналтирилган тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўсимлик моддалари кимёси институтида бўлиб ўтди. Унда Халқ демократик партиясидан Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашларига сайланган депутатлар, партия фаоллари ва институт ходимлари иштирок этишди.

Давра суҳбати шаклидаги ўқув тадбирида “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходими Шуҳрат Деҳқонов маъруза қилиб, жорий йилги Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида батафсил, таҳлилий тушунтиришларни берди.

Маърузачи бу ўринда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсад-вазифаларига ҳамоҳанг бўлган Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишидаги вазифаларга алоҳида тўхталди.

Жумладан, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоялаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш, Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга жорий этиш масалаларига партия фаоллари ва барча даражадаги депутатлар масъулият ва талабчанлик билан ёндашишлари мақсадга мувофиқлиги эътироф этилди.

Бу борада жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш, маҳаллий Кенгашлар сессияларида мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш мунтазамлигини йўлга қўйиш ижобий натижа бериши таъкидланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати