• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ТАРАҚҚИЁТ ФОРМУЛАСИ АКС ЭТГАН ДАСТУР
1384 | 18 Мар. 2020 й.


Ҳар йилги анъанага мувофиқ 2020 йил учун ҳам Давлат дастури эълон қилинди. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони орқали тасдиқланган Дастур халқимиз ҳаётига ўзига хос янгиланишларни, кўтаринки руҳни олиб кирди дейишга тўлиқ асос бор.

 

Халқ муҳокамаси

Ислоҳотларни халқ манфаатлари йўлида изчил давом эттириш мақсадида Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокамалар жараёнида халқимиз, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида теле ва радиоканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирларда мингдан ортиқ бевосита  мулоқотлар ташкил этилди. Фуқароларимиз билдирган таклиф-тавсиялар тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилинди.

Хусусан, жамоатчилик муҳокамаси доирасида уч мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди, улар асосида Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг ҳақли эътирозлари сабабли айрим тадбирларни мукаммал ўрганилиши муносабати билан, Давлат дастури лойиҳасидан чиқариб ташланди.

Мисол учун, Давлат дастури лойиҳасида умумий ўрта таълим муассасаларида йўл ҳаракатлари қоидалари бўйича имтиҳон ўтказиш ва натижалари бўйича сертификат бериш, шунингдек умумий ўрта таълим муассасаларини тугатган ва имтиҳондан ўтган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш тартибини жорий этиш назарда тутилган эди. Лекин фуқаролар томонидан ушбу таклифни амалга ошириш бир қатор ресурслар талаб қилиниши билдирилганидан кейин мазкур таклиф лойиҳадан чиқарилди.

Бундан ташқари, Давлат дастури лойиҳасида келтирилган сенаторларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қаторига киритиш, хусусий ижро бюроси фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан боғлиқ тадбирлар ҳам лойиҳадан чиқариб ташланди.

Дастурда ҳар йил якунида йил давомида қабул қилинган қонунларнинг самарадорлиги ва халқ томонидан баҳоланиб боришини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш амалиёти белгиланган. Ушбу амалиёт қонунлар ижросини таъминлаш борасидаги ҳаракатларни ривожлантириши шубҳасиз.
 

Суд-ҳуқуқ тизимига оид ислоҳотлар

Давлат дастурининг энг муҳим йўналишларидан бири – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасига тегишли бўлиб, Дастурда бу соҳага оид кўзда тутилган ўзгаришларда янги давр талабларини ҳис қилиш мумкин.

Жумладан:

биринчи, суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари, ҳал қилув қарорлари ва қонуний кучга кирган ишларни томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина прокурор томонидан  суддан талаб қилиб олиш  (2020 йил 1 майдан бошлаб);

иккинчи, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган, доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш (2020 йил 1 апрелдан бошлаб);

учинчи, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институти бекор қилиниши (2020 йил 1 ноябрга қадар);

тўртинчи, тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилиниши, шунингдек, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш (2020 йил 1 июнга қадар);

бешинчи, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судлар иш юритувига ўтказилиши (2020 йил 1 декабрдан бошлаб);

олтинчи, ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс томонидан МЖтКнинг тегишли моддасида назарда тутилган жаримани суд ва ваколатли идораларда иш кўрилгунга қадар ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш (2020 йил 1 декабрдан) каби тизимларнинг жорий этилиши мамлакат ҳаётида туб бурилишлар ясайди дейишга асос бор.

Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, жумладан, тизимлаштирилган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳамда Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминлаш борасидаги топшириқларда ҳам инсон манфаатлари мужассам.

Ушбу тадбирлар замирида фуқароларнинг чорак асрлик орзу-армонлари мужассамлашганлигини инобатга олсак, ушбу муаммоларнинг ечилиши юртимизда инсон қадри-қимматини эъзозлаш йўлида улкан қадамлар бўлишини тасаввур этиш қийин эмас.
 

Прописка муаммоси ечими

Албатта Давлат дастуридаги ҳам энг кўп жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган янгилик бу прописка тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ бўлди.

Илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовутни бартараф этиш ва ички миграцияни эркинлаштириш нуқтаи назаридан, прописка тизимини ислоҳ қилиш муҳим масала сифатида Давлат дастуридан жой олди.

Унга асосан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этиш ҳамда Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш белгиланди.
 

Экология муаммоси

Дастурнинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири бу экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра юз карра кўпроқ эътибор берилган.

Дастурда бу муҳим масала Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан, Уй-жой кодексининг янги таҳрири, Экология кодекси лойиҳаси, “Сув таъминоти ва оқова хизматлар тўғрисида”ги ва Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш концепциялари, Қурилиш соҳасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилишини таъминлаш каби вазифаларда ўз аксини топган.

Шунингдек, прописка тизимидан рўйхатга олиш (регистрация) тизимига ўтиш ҳам ушбу ислоҳотлар жараёнида кўзда тутилган. Хорижий давлатларнинг бу соҳадаги тажрибасига қарайдиган бўлсак, рўйхатга олиш (регистрация) тизими прописка тизимидан бирор имтиёз бериш ёки чеклов ўрнатишга қаратилмаганлиги билан ажратилади. Масалан, пропискага эга бўлган шахс учун турли банк ва давлат хизматларни кўрсатишда доимий пропискадан ўтган жойидан бориб фойдаланиш талаб этилса, рўйхатга олиш (регистрация) тизимида эса ушбу хизматлар экстерриториал принцип асосида кўрсатилиши мумкин. 
 

Рақамли технологиялар

Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинган 2020 йилда Давлат дастурида бу масалага катта эътибор қаратилгани мантиқан тўғридир. Дастурда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бунда:

а) ахборот технологиялари соҳасида инсон капиталини ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш ва улар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш, ахборот экотизимини ривожлантириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

б) давлат органлари ва ташкилотларида ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланишга ўтиш, ўрнатилган функционал талабларга мувофиқ келадиган маҳаллий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларнинг ягона базасини шакллантириш, маҳаллий ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни янада ривожлантириш;

в) давлат бошқаруви соҳасида маълумотларни шакллантириш ва қайта ишлашга стандартлаштирилган ёндашувни жорий қилиш, “маълумотларнинг ягона манбаи” тамойилини жорий этиш каби муҳим жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.
 

Камбағалликни қисқартириш

Дастурнинг бошқа дастурларга ўхшамаган яна бир янги жиҳати бор. Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда:

камбағаллик тушунчасини аниқлаш методологияси ва мезонларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади. Аҳолининг энг чекка қатламларимга эътибор беришнинг янги механизми ишлаб чиқилади.

Бунда аҳолида, айниқса ёшлар ва аёлларда бизнес юритиш ва тадбиркорликнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, энг аввало жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу йилги Давлат дастурининг энг муҳим ютуғи шундан иборатки, унда конкрет ва реал топшириқлар ва уларнинг бажарилиши шарт бўлган бандлардан иборатлиги билан аҳамиятлидир.

Манба: minjust.uz


1
Похожие новости