"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПРОПИСКА ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШГА ДОИР ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМАСИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатномасида кўпчилик фуқароларимиз учун узоқ йиллардан буён оғриқли нуқта бўлиб келаётган прописка тизимини ислоҳ қилиш ҳамда ички миграцияни эркинлаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди.

Шундан келиб чиқиб, 2020 йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурида бу масала бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Ана шу мақсадда масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳаларга кўра, кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг 5 фоизлик алоҳида ставкасини тўлаш талаби бекор қилиниши назарда тутилмоқда.

Яна бир янгилик шундан иборатки, фуқароларимизнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилмоқда.

Ҳар икки лойиҳада бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган республикамиз фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан
воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги кўзда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжатларда, шунингдек, доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш режалаштирилган.

Илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.

Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.

Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилаётгани, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилаётгани эса, кўпчилик ҳамюртларимиз интиқиб кутган янгиликдир.

Ўз навбатида, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши, унинг муддати 3 кундан 1 кунга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Умуман, Ўзбекистон Президентининг қатъий иродаси билан ишлаб чиқилган ва келгусида ҳаётга жорий этиладиган мазкур қонун ҳужжатлари билан мамлакатимизда прописка тизими тубдан ислоҳ қилиниб, юртдошларимиз узоқ йиллар интиқиб кутган янгилик ниҳоят амалга ошади ва аҳолининг қатор муаммолари ўз ечимини топади.

Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда Ҳукумат қарори лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси учун “Тараққиёт стратегияси” марказининг веб-сайти 2020.strategy.uz  га жойлаштирилди. Биз барча фуқароларни 11 апрелга қадар давом этадиган ушбу муҳокамада фаол иштирок этишга, ўз таклиф-мулоҳазалари ва тавсияларини эркин ифода этиш орқали мазкур ҳужжатларни мазмун-моҳияти жиҳатидан янада такомиллаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшишга чорлаймиз.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори