• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Ўзбекистонга инқироздан чиқиш учун жалб қилинаётган маблағлар қандай максадларда ишлатилиши лозим?
2404 | 15 Апр. 2020 й.

2020 йилнинг март ойидаги ҳолат, COVID-19 пандемияси сабабли карантин чораларини кўрилиши оқибатида глобал иқтисодиёт учун хавф даражаси охирги инқироз давридан бери энг юқори даражага етди.

Жаҳон иқтисодиётидаги мазкур салбий тенденция оқибатлари глобаллашган иқтисодиётнинг бир қисми сифатида Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши табиий. Ўзбекистон ривожланган давлатлар сингари бир-бири билан ўзаро боғлиқлик даражаси юқори бўлмаса-да, уларда бўлаётган жиддий ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
 


Мазкур ҳолатнинг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади?

Биринчидан, иқтисодиётнинг реал сектори, биринчи навбатта, катта жабр кўриши мумкин. Карантин сабабли иқтисодиётнинг аксарият соҳаларида фаолиятнинг тўхтаб туриши, иқтисодиётда талабнинг, айниқса эластик товар ва хизматларга бўлган талабнинг камайишига ва мана шу соҳадаги фаолиятларнинг сустлашувига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, Ўзбекистонда банд бўлган аҳоли сони 13,5 млн. кишини ташкил этади, шундан 7,8 млн. киши норасмий секторда фаолият юритади, 1,3 млн. киши эса ишсиз фуқаролар ҳисобланади. Мазкур вазиятда мана шу  9,1 млн.кишининг аҳволи қийин кечиши мумкин.

Аҳолининг умумий даромадларининг 69,1 фоизи меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобланса, 42,0 фоизи мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромад ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аҳоли даромадларининг камайиши, айниқса норасмий фаолият юритувчи ва ўз-ўзини банд қилувчиларнинг  (мустақил равишда банд бўлганлар) аксарият қисми умуман даромадсиз қолиши мумкин.

Учинчидан, Ўзбекистон иқтисодиётининг боғлиқлик даражаси энг катта бўлган давлат бу Россия ҳисобланади (Ташқи савдо ҳажми, инвестиция ва пул ўтказмалари ҳажмини ҳисобга олганда). Россия иқтисодиётининг асосий қисми нефт билан боғлиқ бўлиб, нефтга бўлган талабнинг тушиши ва нархининг кескин камайиши ортидан Россия иқтисодиётининг барча соҳаларида пасайишни келтириб чиқармоқда. Шунингдек, Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг қадрсизланиши кузатилди.

Россия ва Қозоғистон иқтисодиётининг сустлашиши оқибатида, Ўзбекистонлик мигрантларнинг мамлакатимизга  келтираётган 3,4 млрд.долларлик (ЯИМга нисбатан 5,9 фоиз) фойдасининг қисқаришига олиб келиши ҳам мумкин.

Ўзбекистонда аҳоли умумий даромадлари таркибида трансфертлардан келадиган даромадлар 25,3%ни ташкил этишини ҳисобга олганда, мазкур вазият кўпчилик аҳоли даромадларининг камайишига ва  турмуш даражасига катта таъсир кўрсатиши мумкин. 

Тўртинчидан, Ўзбекистонга яқин ҳамкор давлатлардаги инқироз туфайли Ўзбекистоннинг экспорт ҳажмининг камайишига келиши мумкин. Айниқса, ушбу жараён Ўзбекистоннинг Россия ва Қозоғистонга экспорт ҳажмининг камайишига ва ўз навбатида, Ўзбекистондаги валюта ҳажмини қисқаришига таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистоннинг Россияга экспорт ҳажми 2,5 млрд.долларни, Қозоғистонга – қарийб 1,5 млрд.долларни ташкил этишини ҳисобга олсак, бу Ўзбекистон иқтисодиётига сазиларли таъсир кўрсатишини тахмин қилиш мумкин.

Хитой эса Ўзбекистоннинг энг катта савдо ҳамкори ҳисобланиб, Хитой билан ташқи савдо айланмаси 2019 йилда 7,6 млрд. долларни (умумий ташқи савдо айланма ҳажмига нисбатан - 18,1%), экспорт- 2,5 млрд., импорт – 5,1 млрд.долларни ташкил этган.

Хитойдаги энергоресурсларга бўлган талабнинг камайиши, Ўзбекистоннинг Хитойга амалга ошираётган экспортини, шу жумладан табиий газ экспорти ҳажмининг камайишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистоннинг экспорт таркибида энергия манбаалари ва нефт маҳсулотлари (яъни табиий газ) 3-ўринда (14,1%) туришини, Хитойга жами экспорт ҳажмининг 36,4%и энергия манбаалари ва нефть маҳсулотлари ҳисобига тўғри келишини ҳисобга олиб, хулоса қилиш мумкинки, бу ҳолат Ўзбекистонга валюта тушумининг қисқаришига олиб келиши мумкин.

Бешинчидан, барча ҳамкор давлатларда (Хитой, Россия, Туркия ва бошқ.) карантин жорий этилганлиги, чегаралар ёпилганлиги сабабли ишлаб чиқариш таъминотидаги узилишларнинг вужудга келиши ва бу Ўзбекистон саноат тармоғига жиддий зарар етказиши мумкин.

Жумладан, Хитойдан келаётган хом-ашё ва бутловчи қисмларнинг камайиши, транспорт харажатларининг ўсиши, ишлаб чиқариш таъминотидаги узилишлар Ўзбекистоннинг саноат соҳасига жиддий зарар келтириши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби, Ўзбекистон саноати учун зарур бўлган машина ва асбоб-ускуналар импорти умумий импорт ҳажмида Хитойнинг улуши 30,9%ни ташкил этади, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмларнинг импорти ҳажмида ҳам Хитойнинг улуши энг катта кўрсаткич (24,0%) ҳисобланади.  

Олтинчидан, айрим таҳлилчиларнинг таъкидлашича, қатъий карантин чоралари кўрилаётган европа ва бошқа ривожланган давлатларда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштиришда (жумладан, ривожланган европа давлатларида қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган фермер (поляк, руминлар)нинг мамлакатдан чиқиб кетиши сабабли) жиддий муаммолар келиб чиқиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг етишмовчилиги вужудга келиши мумкин. Шунингдек, ўз навбатида Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатлар айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (картошка, буғдой уни, гречка, шакар ва бошқ.) экспортини чеклаб қўйилди.

Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши, озиқ – овқат маҳсулотлари нархларини кўтарилиши ва етишмовчилиги ҳам вужудга келтириши мумкин.

Еттинчидан, айрим эпидимиологларнинг аввалги эпидемиялар тажрибасидан келиб чиқиб таъкидлашича, коронавирус пандемиясининг куз ойларида инфекция билан зарарланишнинг янги тўлқини вужудга келиши мумкин. Ўз навбатида, мазкур хавфнинг мавжудлиги Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг тайёрлигини оширишга ва шифохона, койкалар сонини ошириш зарурлигига сигнал сифатида қабул қилиш мумкин.

Юқорида келтирилган барча хавфлар ва таҳдидлар мамлакат иқтисодиётини секинлашувига, аҳоли турмуш даражасини камайишига олиб келади. Карантин ва шу орқали ҳосил бўладиган иқтисодий инқирозга қарши фискал чораларни амалга ошириш учун ҳалқаро молиявий ташкилотлардан молиявий маблағларни жалб қилиш муҳим ҳисобланади.


Халқаро молиявий ташкилотлардан жалб этилаётган маблағларни қандай шартларда олиш лозим ва қаерда ишлатилиши лозим?

Биринчи навбатта, иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва бандликни қўллаб қувватлаш чораларини кўриш учун ишлатилиши мақсадга мувофиқ. Бунда:

  • кичик тадбиркорликни молиялаштиришни кенгайтириш, берилаётган кредитлар имтиёзли даврини узайтириш;
  • карантиндан зарар кўрган, фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлган тармоқларда фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорларга маълум миқдорда ссудалар ажратилиши;
  • ишчи ўринларни яратган тадбиркорлик субъектларни рағбатлантириш чораларини кўриш;
  • ходимлар иш ҳақини қоплаш учун имтиёзли кредитлар ажратишни кенгайтириш; бу ерда ходимларини бўшатмаган корхоналар учун кредитнинг бир қисмидан воз кечиш;
  • фрилансерлик ва масофавий иш ўринларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларга ссудалар бериш тизимини жорий этиш;

Мазкур мақсадда ажратилган маблағлар айнан қийин аҳволда қолган 9 млн.лик аҳолини яна ўзини ўнглаб олиши, ишсиз фуқароларнинг иш топишига имкон яратади ва натижада бандлик даражасининг кўтарилишига сабаб бўлади.

Иккинчидан, экспортёр корхоналарни рағбатлатлантириш чораларини кўриш, маҳсулотлар таннархини камайтириш учун маблағлар ажратиш мақсадга мувофиқ.

Ушбу мақсадда маблағлар ажратилиши экспортёрларни хорижда маҳсулотларини нарх бўйича рақобатдош қилади ва экспорт ҳажмини ошишига олиб келади.

Учинчидан, ишлаб чиқариш таъминотида узилишлар бўлган саноат корхоналарини ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари учун маблағлар ажратиш лозим, бунда:

  • Хом-ашё ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш;
  • транспорт ҳаражатларини бир қисмини қоплаб бериш;
  • автомобиль нархларини туширишни давлат томонидан рағбатлантириш ва аҳоли учун маиший техника товарларини янгисига алмаштиришни рағбатлантиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш;

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини риожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва уни молиялаштириш лозим.

Бу эса мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етишмовчилигини олдини олади ва керак бўлганда экспорт қилиш имкониятларини ҳам оширади.

Иккинчидан, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар учун маблағлар ажратилиши муҳим ҳисобланади. Бунда,

  • Етишмаётган ҳудудларда қўшимча касалхона, поликлиника, шифохоналар ва бошқа тиббиёт муассаларини қуриш;
  • касалхона, поликлиника, шифохоналар ва бошқа тиббиёт муассалари учун зарурий тиббий ускуналар харид қилиш;
  • касалхона, поликлиника, шифохоналар ва бошқа тиббиёт муассаларини ҳалқаро стандартларга кўра таъмирлаш ва шарт – шароитларни яратиш;
  • шифокор ва врачларни малакасини ошириш;
  • шифокор ва врачларни ойлик маошларини кўтариш ва моддий рағбатлантириш;
  • медицина соҳасида илмий-тадқиқот, лаборатория ишларини амалга ошириш, тест тизимлари ва вакциналар устидан ишлаш имкониятини яратиш;   
  • Дори воситалари, шахсий ҳимоя воситалари ва коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқариш

Аҳолининг кам таъминланган қатламига қандай ижтимоий ёрдам кўрсатиш лозим?

Мамлакатда карантин ва инқироз таъсирини юмшатиш учун комплекс чораларни ўз ичига олган “Ижтимоий дастур” ишлаб чиқилиб, амалга ошириш лозим. Бунда,

  • Аҳолининг кам таъминланган ва заиф қатламига бир марталик нақд пул маблағларини берилиши;
  • Карантин туфайли фаолияти тўхтаб турган жисмоний шахслар (ЯТТ, ҳунарманд, этикдўз, косиб, сартарош ва бошқ.) учун ўртача бир ойлик даромад миқдорида (ҳудудидан келиб чиқиб) бир марталик нақд пул берилиши;  
  • Карантин даврида тадбиркорлик субъектлари агар ходимларини ишдан бўшатиш ўрнига, иш ҳақи ҳисобида ушлаб турсалар, ишчилар маошининг маълум фоизини қоплайдиган грант бериш дастурини жорий этиш.
  • уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш,
  • эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш
  • уй-жойларни арзонлаштириш, ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда айтиш лозимки, кам таъминланган ва заиф қатламига бир марталик тўловларни амалга оширилиши, (мазкур қатлам вакиллари пул маблағларини тезда сарфлашини инобатга олган ҳолда) тез фурсатларда иқтисодиётда занжирли жараён туфайли талабнинг шаклланишига ва оқибатда иқтисодиётнинг инқироз даврида ўзини тез ўнглаб олишига ҳисса қўшади. Уй-жой қурилишини рағбатлантириш, мамлакатда қурилишларни амалга ошириш орқали эса аҳолини, айниқса маълумот ва малакага эга бўлмаган (“грузчиклар”, “мардикорлар” ва бошқа.)ларни иш билан таъминлаш имконияти яратилади.

Фурқат Юнусов
“Тараққиёт стратегияси” маркази, лойиҳа раҳбари


4
Похожие новости