"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЕТИШТИРИШГА БАРЧА МАСЪУЛ


Бугун
Уйда қол, ўзинг ва яқинларинг хавфсизлигини таъминла” шиори кундалик ҳаётимиздаги энг устувор масалага айланиб улгурди. Эртанги соғлом турмуш тарзимизни таъминлаш, жамият манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқаришимиз учун ҳам ҳозирги синовли дамларда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз бурч ва масъулиятдир.

Аммо уйда ўтирганимиз билан ҳаммамизнинг ҳам озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжимиз камайиб қолмайди. Бугун баҳор мавсуми, ерга уруғ қадаш, ундириш ва парваришлашнинг айни палласи. Мева-сабзавот, дон-дун, полиз маҳсулотлари етиштиришга киришишни асло кечиктириб бўлмайди, бир кун ҳам ғанимат. Айниқса, коронавирус туфайли дунёда очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони икки баробарга ошиб, 1,6 миллиардга етиши кутилаётган бир пайтда.

Шунинг учун ҳам Президентимиз 14 апрель кунги глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маҳсулот етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш лозимлигини таъкидлаб, бу бўйича тегишли вазирлик-идоралар мутасаддиларига аниқ топшириқларни берди.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда давлат ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган ерлардан ташқари аҳолининг 440 минг гектар шахсий томорқа ер майдонлари ҳам мавжуд. Тўғри, ерни қадрлаган, унга меҳр қўйган миришкор халқимиз бундан яхшигина қўшимча даромад қилиб келмоқда. Айниқса, ҳозирги шароитда ўз истеъмоли учун зарур бўлган маҳсулотларни ўз томорқасида етиштирмоқда. Бундан ташқари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, пиллачилик билан шуғулланиб, рўзғорига барака киритмоқда. Томорқасидан йилига 2-3 марта ҳосил кўтараётган уддабурон ҳамюртларимиз билан эса, ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, маҳсулот ҳажмини ошириш учун энди яна 124 минг гектар оборотдан чиққан ерлар ўзлаштирилади. Ҳатто лалми ерлар ҳам қудуқлар қазилиб, сув чиқарилиб боғу роғларга айлантирилади.

Бу мақсадлар учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармаларига 300 миллиард сўм ажратилади. Ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилади.

Умуман, Президентимиз бу йил аграр ва озиқ-овқат соҳа вакиллари, кластерлар, фермерлар ва деҳқонлар учун кенг имкониятлар йили бўлишини кафолатламоқда.

Хусусан, керакли ўғит ва дорилар билан боғлиқ масалаларда ҳам ҳеч қанақа муаммо бўлмайди. Давлат раҳбари бошчилигида бу борада тегишли чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш юзасидан жойларда аллақачон босқичма-босқич ишлар бошлаб юборилди.

Шунингдек, пандемия шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари бўйича узилишларга йўл қўймаслик мақсадида ўғитлар импортига барча чекловларни жорий йил якунига қадар бўлган муддат учун бекор қилиш бўйича таклиф киритиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Қолаверса, Республика штаби ташкил этилиб, ихтисослашган 55 та туманга Президент Администрацияси, Ҳукумат, вазирликлар ва идоралар раҳбар ходимлари бириктириладиган бўлди.

Улар кредит, уруғлик, ўғит, сув билан боғлиқ масалаларни оператив ҳал этиб, маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробар оширишга бош-қош бўлишади. Ҳудудларда туманлар сектор раҳбарлари “24 соатлик иш тартиби”га ўтишади ва ўн кун давомида ҳар бир қарич ерга экин экилишини таъминлашади. 

Давлатимиз раҳбари етти хазинанинг бири ҳисобланган паррандачиликни янада ривожлантириш, бу йўналишда озуқа таъминотини мустаҳкамлаш ва кооперацияни ривожлантириш мақсадида Улуғнор, Бухоро, Самарқанд ва Урганч туманларида аҳолини жалб қилиб, кооперация тизими асосида хонадонларда 500 бош парранда боқиш тажрибасини кенг жорий қилиш лозимлигини қайд этди ҳамда бир ой муддатда гўшт йўналишидаги йирик паррандачилик хўжаликлари томонидан 100 тадан хонадонга 500 бошдан парранда тарқатилишини ва бу тизимнинг доимий равишда ишлашини таъминланиши бўйича топшириқ берди.

Бунда, паррандачилик корхонаси ҳар бир хонадонга 500 бошдан уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради ва ветеринария хизматлари кўрсатилишини таъминлайди. Битта хонадон паррандани 40 кун боққандан кейин, кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади. Шу йўл билан бир оила паррандани боқиб бергани учун бир ярим ойда 2 миллион сўм даромад топади ва қишлоқ аҳолисининг бандлиги таъминланади. Қолаверса, Меҳнат вазирлиги томонидан кооперацияда иштирок этадиган ҳар бир оилага парранда боққан даври (40 кун) учун, Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирувчи тўловларни амалга ошириш тизими йўлга қўйилади.

Президентимиз Ш.Мирзиёев видеоселектр йиғилишида аҳолига яна бир қанча йўналишларда мўмай фойда топиш ва бу орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигини олдини олиш йўл-йўриқларини белгилаб берди. Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, касаллик билан курашишда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, банк-кредит масалалари бўйича ҳам тегишли топшириқлар берди. Буларнинг барчаси пандемия шароитида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга, уларни тушкун кайфиятга тушиб қолмасликлари ва меҳнат самарадорликларини оширишга қаратилган.

Фотима Мадраҳимова,
"Тараққиёт стратегияси" маркази Ахборот хизмати бошлиғи