"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АГРАР СОҲАДА БОШЛАНАЁТГАН ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР ИҚТИСОДИЁТ БАРҚАРОРЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


Бугун дунё бўйлаб ҳукм сураётган коронавирус эпидемияси башарият ҳаётининг ҳар бир жабҳасига жиддий салбий таъсирини ўтказаётгани барчага аён ҳақиқат. Айниқса, бу пандемия барча давлатлар, пировардида жаҳон иқтисодиётида глобал инқирозга сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, бугун ҳар бир мамлакат COVID-19нинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш юзасидан ўз имконияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда муайян ишларни қилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ҳозирги мураккаб шароитда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз фаолият юритишига эришиш, ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш бўйича аниқ мақсадларга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда иқтисодиётда ҳисоб-китоб қилинаётган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захира яратиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш Ҳукуматнинг энг асосий вазифасига айланган.  

Бу ўринда, айниқса, Президент томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар, Давлат раҳбарининг халққа йўллаётган мурожаатлари муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича 14 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланишини эътироф этди.

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллионга етиши айтилмоқда.

Мана шундай оғир вазиятда ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга, экспорт салоҳиятини ошириш учун Ўзбекистон улкан имкониятларга эга. Шу маънода, жорий йил мамлакат қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун ўзига хос синов йили бўлади. Чунки, ҳар қандай шароитда ҳам одамларнинг озиқ-овқатг маҳсулотларига эҳтиёжи камаймайди.

Шундан келиб чиқиб, Президент томонидан тегишли мутасаддилар зиммасига мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси юклатилди.

Бунинг учун эса, аграр соҳада янгича ишлашни ўрганиш, ҳосил ва даромад салмоғини оширишнинг мақбул йўлларини излаб топиш ва жорий этиш лозим. Ўз навбатида, республика бўйича камида 124 минг гектар оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштиришга эришиш даркор. Бу борада миришкору соҳибкорлар давлат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланади, ушбу мақсадлар учун 300 миллиард сўм ажратилади, янги ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилади.

Шунингдек, яна бир янгилик шундан иборатки, ўзлаштирилган ерлар муайян озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан одамларга 5-10 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ҳам сотилади ҳамда тушган маблағлар яна янги ерларни ўзлаштиришга сарфлаб борилади.

Давлат раҳбари видеоселектор йиғилишида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун уруғлик ва минерал ўғитлар таъминотида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ечимини ҳам белгилаб бериб, пандемия шароитида уруғликлар таъминотида ҳеч қандай узилишларга йўл қўйилмаслиги лозимлигини уқтирди. Айниқса, мамлакатдаги 8 та туманни уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилиши оқилона иш бўлди.

Шу билан бирга, мева-сабзавот етиштириш ва сотиб олишга алоҳида молиялаштириш тизимининг жорий этилаётгани яна бир муаммо – мева-сабзавот етиштириш учун 255 минг тонна фосфорли, 290 минг тонна азотли ўғит етишмаслигининг олдини олиш, экинларни ўз вақтида, қисқа ва тез муддатларда экилишида деҳқонлар учраётган қатор қийинчиликларга барҳам бериши билан диққатга сазовордир.

Ўз ўрнида, мутасаддилар мева-сабзавотлар экспорти бўйича туманлар ва хўжаликлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилиб, пандемия шароитида юзага келадиган масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиб боришади.

Албатта, аграр соҳанинг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, пиллачилик каби тармоқларини янда ривожлантириш озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўлчилигини таъминлаши баробарида, аҳолининг реал даромадлари ошишида ҳам муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, видеоселектор йиғилишида мазкур соҳаларда банд бўлганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди.

Шу маънода, эндиликда маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бир қаторда, импорт қилинаётган товарлар ўрнини қоплаш, озуқа ишлаб чиқарувчи корхоналар, қорамол боқиш бўйича оилавий кооперациялар сонини ошириш, ҳар бир вилоятда наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган хўжаликларни ташкил этиш яқин вақтларда ўзининг салмоқли натижаларини кўрсатишига шубҳа йўқ.

– Ушбу чора-тадбирлар натижасида минглаб фуқароларимизни иш билан таъминлаш, даромадларини кўпайтиришга эришамиз, – деди Президент видеоселектор йиғилишида. – Бозорларимизда маҳсулот кўп бўлади. Ҳар бир вазир, сектор раҳбари буни юрагидан ўтказиб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда менинг ўрним қандай бўлади, деган саволга виждонан жавоб бериши керак.

Очиқ эътироф этиш керак, дарҳақиқат, Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилаётган аниқ ва манзилли, тизимга солинган чора-тадбирлар, биринчи навбатда, айниқса, бугунги мушкул вазиятда иқтисодиётни глобал инқироз таъсиридан талафотларсиз олиб чиқиш, халқ турмуш фаровонлигининг барқарорлигини таъминлаш мақсадларига қаратилган.

Шундай экан, деҳқон ва фермерлар, соҳибкору миришкорлар ҳам давлат бераётган бу имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, ташаббускорлик кўрсатишлари, ҳам ўз ҳаётларининг яхшиланиши, ҳам давлат иқтисодиёти барқарорлиги йўлида алоҳида фидойилик ва катта масъулият билан ҳаракат қилишлари мақсадга мувофиқдир.

Ўз навбатида, жойлардаги секторлар раҳбарларидан тортиб барча даражадаги раҳбар-мутасаддилардан Президент белгилаб берган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш, аграр соҳани қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган мақсадли маблағлардан ўз ўрнида, оқилона фойдаланишда талон-торожлик, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва коррупция иллатларига асло йўл қўймаслик талаб этилади.

Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош координатори