"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТОМОРҚА ХЎЖАЛИКЛАРИ КООПЕРАЦИЯСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ


Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилди.

Демак, бу йил мамлакат аграр соҳасида самарадорликни кескин ошириш, бу борада барча куч ва имкониятларни ишга солиш йили бўлади.

Шу ўринда, рақамларга эътибор қаратсак, 2020 йил январь ойи ҳолатига Ўзбекистонда фермер хўжаликлари сони 92,6 мингтани, қишлоқ хўжалиги корхоналари сони 27,6 мингтани, деҳқон (шахсий томорқа) хўжаликлари сони 5 млн.тадан ортиқни ташкил этмоқда.

Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 3 фоизи қишлоқ хўжалиги корхоналари, 26,9 фоизи эса фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Энг катта улуш эса, деҳқон (шахсий томорқа) хўжаликларига тегишли – 70,1 фоиз.

Юқоридагилардан ҳозирги кунда мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда самарадорликка эришиш айнан томорқа эгаларининг саъй-ҳаракатларига боғлиқ, деган хулосага келиш мумкин.

Ўз навбатида, томорқа ер участкалари орқали маҳсулотларни етиштиришда айрим муаммолар мавжуд эканини таъкидлаш жоиз.

Биринчидан, карантин режими туфайли томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар маҳсулотларини сотиш имкониятлари чекланиб қолмоқда. Бунга сабаб, авваламбор, (туман, шаҳар, аҳоли зич жойлашган) марказлардаги улгуржи деҳқон бозорларига етказиб боришдаги муаммолар (автомобиллар ҳаракати чеклангани) сабабли, кейингиси эса истеъмолчиларнинг бозорда эмаслиги ёки маҳсулотларнинг чакана савдоси иштирокчиларининг камлигидир.

Иккинчидан, томорқа ер участкалари орқали маҳсулот етиштирувчиларнинг интеграллашмагани мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқариш самарадорлиги пастлигига сабаб бўлмоқда. Натижада мазкур ерлардан унумли фойдаланилмаслиги ёки умуман фойдаланилмаслигига олиб келмоқда.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширилиши мақсадга мувофиқ:

Биринчидан, барча қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманларда қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларига (деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, балиқчилик) мослашган ва марказлашган ширкат (кооператив)лар ташкил этиш.

Иккинчидан, мазкур ширкатлар ўз йўналишига қараб томорқа ер эгаларини ўзида бирлаштиради, уруғликлар, ўғитлар, чорва учун ем-хашак ва ҳоказоларни етказиб беради ва ҳосилни ҳам марказлашган ҳолда ўзи сотиб олиб, истеъмолчиларга етказади.

Учинчидан, мазкур ширкатларни ташкил этишни йирик супермаркетлар, етказиб бериш хизмати (доставка) билан шуғулланувчи йирик тадбиркорлик субъектларига турли рағбатлантирувчи имтиёзлар тақдим этиш орқали таклиф этиш мумкин.

Республикамизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 70 фоизи айнан томорқа ер эгалари томонидан ишлаб чиқарилишини ҳамда кам даромадли аҳолининг кўп қисми қишлоқ жойда истиқомат қилишини ҳисобга олган ҳолда, мазкур чораларни амалга ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайишига имконият яратиш мумкин.

Президентимиз томонидан видеоселектор йиғилишида бу ва шу каби бошқа муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ мақсадларга қаратилган ва манзилли чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилгани эса, нафақат озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжни таъминлаш, балки экспорт салоҳиятининг ортиши, коронавирус пандемияси оқибати бўлган иқтисодий инқироз таъсирини юмшатишда ҳам муҳим омил бўлиши табиий.

Зоҳиджон ЗАРИФОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
лойиҳа координатори.