"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚАТЪИЙ ТАРТИБ-ИНТИЗОМ, МЕТИН ИРОДА ЗАРУР


Янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият дунёнинг кўплаб мамлакатларида кескинлигича қолмоқда. АҚШнинг Жон Хопкинс университети маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб

дунё бўйлаб жами 2,5 миллион нафарга яқин ортиқ одамда COVID-19 аниқланган. Улардан 625 минг нафарга яқини соғайган бўлса, таассуфки, салкам 165,3 минг нафари вафот этган. Вирусга чалинганлар сони бўйича АҚШ, Испания, Италия, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Эрон ва Туркия каби давлатлар етакчилик қилмоқда. Афсуски, ушбу офат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги кунда Ўзбекистонда инфекция юқтириб олганлар сони 1565 нафарни, соғайганлар 225 кишини, вафот этганлар эса 5 нафарни ташкил этмоқда.

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус инфекциясига қарши курашда икки хил амалиёт – “Хитой услубидаги ёндашув” ва “Британ-швед” тажрибаси мавжуд. “Хитой” ёндашувининг асосий мазмуни давлат томонидан кескин карантин чораларини амалга ошириш, ижтимоий масофаланиш қоидаларига қатъий амал қилиш, оммавий тадбирларни тақиқлаш, транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, гигиена қоидаларига оғишмай риоя этишдан иборатдир. Бунда асосий мақсад инфекция занжирини узиш, касалликка чалинганларни тезкорлик билан аниқлаш ва уларни соғлом аҳолидан ажратиб олишга қаратилган. Ўз навбатида, “Британ-швед” тажрибаси фуқароларнинг ўз интизомига кўпроқ таяниш, давлат томонидан чеклов чораларининг кенг қўлланмаслиги, “оломон” иммунитетига умид қилишдан иборатдир. Мутахассислар фикрича, “Британ-швед” тажрибаси “табиий сараланиш” ғоясига таяниб, бунда иммунитети паст, ёши улуғ инсонлар пандемиянинг қурбони бўлиши эҳтимоли юқори ҳисобланади. Шуни таъкидлаш ўринлики, инфекция билан касалланганлар сонининг тез суръатда ўсиши (ҳаттоки, Бош вазир Борис Жонсон ҳам касалликка чалинишга улгурди) сабабли Буюк Британия ўзининг “либерал” ёндашувини ўзгартириб, кескин чеклов чораларини киритишга мажбур бўлди. Хусусан, бугунги кунга келиб, ушбу мамлакатда инфекция билан оғриганлар сони 121 мингдан ошиб, 15 мингдан ошиқ инсон вафот этди.

Ўзбекистон Ҳукумати юртимизда коронавирус инфекциясининг қайд этилиши ортидан халқимиз саломатлиги, фуқаролар осойишталигини кўзлаган ҳолда бир қатор карантин чораларини киритди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кўрилган чораларнинг самараси ўлароқ, аҳоли сонига нисбатан олинганда 19 апрель ҳолатига МДҲ давлатлари орасида инфекция тарқалишнинг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан Ўзбекистонга тегишлидир. Жумладан бу даврга келиб, Россияда 36 793 киши (аҳоли – 147 млн.), Украинада 5106 киши (42 млн.), Беларусда 4779 киши (9,5 млн.), Молдовада 2378 киши (4 млн.), Қозоғистонда 1615 киши (19 млн.), Озарбайжонда 1373 киши (10 млн.), Арманистонда 1248 киши (3 млн.), Қирғизистонда 554 киши киши (6,5 млн.) инфекцияни юқтиргани аниқланган. Кўриниб турибдики, юртимизда амалга киритилган чоралар ўз натижасини бермоқда.

Шуни таъкидлаш ўринлики, Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган карантин чоралари халқимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланиб, фуқароларимиз ушбу синовли кунлардан муносиб тарзда ўтмоқдалар. Карантин шароитида одамларимизнинг белгиланган тартиб-қоидаларга онгли равишда қатъий риоя этаётгани коронавирус пандемияси тарқалишини жиловлашда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўзказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 97,8 фоизи давлат ва Ҳукумат томонидан киритилган карантин чораларини маъқуллаган. Сўровда иштирок этганларнинг мутлоқ кўпчилиги (76,6%) оптимистик кайфиятда бўлиб, пандемия билан боғлиқ барча муаммолар ўз ечимини топишига ишонч билан қарамоқда.

Ўзбекистонда коронавирус муносабати билан киритилган чоралар самарадорлиги жаҳон афкор оммаси томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германиянинг «Public Diplomacy» ташкилоти, АҚШнинг «The Diplomat» журнали, Россиянинг «ANNA-news» информацион агентлиги ва бошқа кўплаб нашрлар юртимизда инфекциянинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга юксак баҳо беришган.

Шу билан бирга, дунё миқёсида коронавирус инфекциясининг тарқалиши тобора кескинлашмоқда, шу жумладан, юртимиздаги эпимедиологик вазият ҳали барқарорлашмагани туфайли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус пандемияси орқали киритилган чеклов чораларини сақлаб туриш мақсадга мувофиқлиги баён этилмоқда. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган барча чекловчи чоралар 2020 йил 10 майга қадар узайтирилди. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бу қарор, энг аввало, халқимиз соғлиғини асраш заруриятидан келиб чиқиб қабул қилинди. Фақатгина бирдамлик, ҳамжиҳатлик, метин ирода, темир интизом, эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этиш билан биз ушбу синовли кунлардан мардонавор ўта оламиз. Албатта, карантин туфайли иқтисодий қийинчиликлар юзага келаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас, бироқ шуни ёдда тутиш лозимки, доно халқимиз айтганидек, “соғлиқни пулга сотиб олиб бўлмайди”. Саломатлик бор жойдагина қут-барака, фаровонлик, ривожланиш бўлади. Демак, ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз карантин чораларига қатъий амал қилишдир. Айнан шу йўл билан биз карантин даврининг кейинчалик чўзилмаслигини, бу синовли кунларни тезроқ енгиб ўтишни ҳам таъминлаган бўламиз.
 

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори