"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Матильда Димовска
110 | 13 Май. 2020 й.

Ўзбекистонда фаолият олиб бориш мен учун улкан шараф

Матильда Димовска, 
БМТ Тараққиёт дастурининг
Ўзбекистондаги доимий вакили

Ўзбекистонда фаолият олиб бориш мен учун улкан шараф. Барчамизга маълумки, 2017 йил бошида 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Бу мамлакатни муваффақиятга эришиши учун амалга ошириш лозим бўлган ҳаракатлар ва фикрларни ўз ичига олган ҳужжатдир. Устувор йўналишлар ичида давлат идораларини ислоҳ қилиш, қонун устуворлиги, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, жумладан, соғлиқни сақлаш ва таълим, мамлакат хавфсизлиги, диний бағрикенглик ҳамда ташқи сиёсатни кенгайтириш каби вазифалар белгилаб берилган. Албатта, юқоридаги барча йўналишлар нима қилиш керак ва қандай амалга ошириш лозимлиги борасидаги янги истиқболларни очиб берди. Ҳужжат кенг қамровли ва батафсил ёзилган. Ҳужжатнинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани барчада катта қизиқиш уйғотди. Айтишим мумкинки, у ҳозирги кунга қадар ҳам мамлакат ичи ва чет элда катта эътиборга эга. Ҳар қандай ҳужжатга баҳо бериш мушкул иш, деярли имконсиз, бироқ Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг фаолияти нуқтаи назаридан ўз фикрларимни баён қилишни истардим.

Биринчидан, мисли кўрилмаган миқёсдаги ислоҳотларнинг қоғоздан ҳаракатга ўтишини таъкидлашни истардим. Сўнгги йилларда мамлакатда юз берган ижобий ўзгаришларни алоҳида таъкидлаш лозим. Шубҳасиз, бизнинг ва ҳамкорларимиз олдида амалга оширилиши керак бўлган катта ҳажмдаги ишлар турибди. Шу ўринда мен барча беш йўналишда, биринчи навбатда, давлат хизматини ислоҳ қилишни таъкидлашни истардим ва бу давлат хизматларини кўрсатиш марказини ташкил этишдир. Ҳозирда бу марказлар тўлиқ фаолият юритмоқда. Улар очиқ, қулай ва уларнинг хизматлари аҳолининг барча тоифаларига тақдим этилади, бу, албатта, мени мамнун қилмай қўймайди.

Иккинчидан, қонунчилик жараёнидаги ўзгаришларни ҳам қайд этиб ўтишни истардим. Энди мувозанат тизими фуқароларнинг фаол жалб этилиши ва барча қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилганлиги туфайли, албатта натижа беради. Бундан ташқари, суд ислоҳотидан фойдаланиш, одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу йўналишдаги барча соҳаларда жуда муҳим илгарилаш амалга оширилганини таъкидлашни истардим. Бу, ўтган йилнинг куз ойида қабул қилинган иккита асосий қонунда ўз аксини топди. Улардан биттаси, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, иккинчиси эса гендер тенглигини таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатлардир.

Шунингдек, мен тилга олмасам бўлмайдиган навбатдаги жиҳат бу, Ўзбекистонда бизнес юритиш ва иқтисодни либераллаштириш жараёнидир. Албатта, бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари томонидан қайд этиб ўтилган. У “Doing Business” халқаро рейтингида сезиларли равишда юқори поғоналарга кўтарилди. Бу, албатта, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, очиқ ташқи сиёсат борасидаги самарали фаолият, чегараларнинг очилиши ўзбек халқи учун ҳам, қўшни мамлакатлар учун ҳам катта фойда берди, яна хориж давлатлари учун виза режимининг соддалаштирилгани Ўзбекистон сиёсатида туб бурилиш ясади.

Шу боис, Ўзбекистоннинг ўтган йил охирида ҳар қандай бошқа давлатларга қараганда 2019 йилда кўпроқ тараққиётга эришган мамлакатлар қаторидан жой олгани бир қатор нуфузли нашрларда эътироф этилгани, бежиз эмас, албатта. Шунингдек, давлат раҳбарининг БМТда қайд этилган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни юксак эътироф этгани бизни қувонтирди. Улар Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегиясига жуда мос келади. Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ушбу мақсадларга эришиш йўлида ишлашдан ғоятда мамнунмиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистон ҳукуматининг келгусидаги стратегиясини қўллаб-қувватлашга тайёр, ундаги мақсадлар, албатта, Президент Мурожаатномасида ҳам қайд этилди. Биз сўзсиз қонун устуворлиги, коррупцияга қарши самарали кураш, шунингдек, технологик институционал салоҳиятни ошириш каби соҳаларда улкан ютуқларга эришдик. Бундан ташқари, биз ҳамкорликда қашшоқликни бартараф этиш соҳасида ишлашни режалаштирганмиз, коррупцияга қарши курашиш режалари ва мақсадлари Президент Мурожаатномасида муфассал баён қилинган. Бундан ташқари, биз келгусида халқаро савдо ҳамжамиятини интеграция қилиш йўлларини, келажакда ишга жойлашиш учун барча зарур кўникмаларга эга бўлиш истагидаги ёш кадрларни қайта тайёрлаш, инновация ва бу борадиги янги ёндашувларни қўллаб-қувватлаймиз.

Сўзим сўнгида айтишим керакки, “Тараққиёт стратегияси” маркази мониторинг ва таҳлил қилиш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасида улкан ишларни амалга оширди. Энди мақсадлар янада шижоатли ва кенг миқёсли бўлади. Марказ фаолиятига омад тилайман, ҳамда ҳамиша ҳамкорликда ишлашга тайёр эканимизни маълум қиламан.


0
Похожие новости