"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилишнинг 5 йиллик стратегияси: олтита банк хусусийлаштирилади

2020 йилги Давлат дастурининг 91-бандида белгиланган «Банк тизимини узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш» устувор вазифалари ижроси доирасида жорий йил 12 май куни Президент Шавкат Мирзиёев «2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди.

Мазкур ҳужжат билан 5 йилга мўлжалланган стратегия ва йўл харитаси тасдиқланмоқда.

Ҳужжат асосида банк соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда:

  • банк назорати бўйича қонунчилик базасини такомиллаштириш – бунда Базель қўмитаси стандартлари, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари ва бошқаларни жорий этиш кўзда тутилган.
  • банкларни ўзгартириш ва хусусийлаштириш, кадрлар малакасини ошириш.
  • хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва кенгайтириш – бунда асосий эътибор мижозларга йўналтирилган хизматлар, кредитлаш механизмлари ва бизнес жараёнларини автоматлаштиришга қаратилмоқда.

5 йилга мўлжалланган стратегия қуйидаги мақсадларни кўзда тутади:

  • давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссасини ҳозирги 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш;
  • 2025 йилга келиб давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига зарур тажриба, билим ва нуфузга эга камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш;
  • банклар мажбуриятларининг умумий ҳажмида хусусий сектор олдидаги мажбуриятлар ҳиссасини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига 70 фоизгача ошириш;
  • умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотлари улушини жорий 0,35 фоиздан 2025 йилга келиб 4 фоизгача ошириш.

Стратегия МДҲ ва Шарқий Европа давлатлари тажрибаси ўрганилган ҳолда, Жаҳон банки экспертлари кўмагида Молия вазирлиги ва Марказий банк мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Фармон билан “Ипотека-банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банки, “Алоқабанк”, “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Туронбанк”даги давлат улушлари босқичма-босқич хусусийлаштирилиши яъни сотилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки”, “Агробанк” ва “Микрокредитбанк”даги давлат улуши сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан банкларнинг тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш фаолиятига аралашиши тақиқланмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати