"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СЕНАТОРЛАР ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЕВРООСИЁ ИҚТИСОДИЙ ИТТИФОҚИДА “КУЗАТУВЧИ ДАВЛАТ” МАҚОМИДА ИШТИРОК ЭТИШ ТАКЛИФИНИ МАЪҚУЛЛАШДИ


Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 109-бандида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини атрофлича муҳокама қилиб, асосланган хулосаларни тайёрлаш вазифаси белгиланган эди.

Ушбу масала юзасидан 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг «Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масалани ўрганиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ишчи гуруҳнинг ЕОИИ билан ҳамкорлик юзасидан хулосаси тайёрланди.

Мазкур хулоса 28 апрель куни ўтказилган Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиб, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги юзасидан Қонунчилик палатасининг Қарори қабул қилинди. 2020 йилнинг 12 май куни эса Сенатнинг 4-ялпи мажлиси муҳокамасига қўйилди.

Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинди. Ўтказилган муҳокамалар ва таҳлиллар асосида овоз берувчиларнинг асосий қисми мамлакатимизнинг мазкур тузилма таркибида «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллади.

Шу ўринда, кузатувчилик мақоми Ўзбекистон учун қуйидаги афзалликларни бериши мумкинлигини келтириш мумкин:

биринчидан, кузатувчи мақоми мамлакатимиз учун иқтисодий мажбуриятлар ва салбий ҳолатларни юзага келтирмайди;

иккинчидан, ЕОИИ аъзо давлатларининг ягона қарорларини ўрганиш ва уларни бевосита кузатиш имкони вужудга келади;

учинчидан, ЕОИИ давлатлари мажлислари маълумотларини бевосита олиш (керак бўлса, бевосита иштирок этиш) ва уни Ўзбекистон шароитидаги макроиқтисодий жиҳатдан таҳлилини амалга ошириш учун бирламчи манба юзага келади;

тўртинчидан, кузатувчилик мақомидан сўнг ЕОИИга аъзо бўлиб кириш ёки кирмаслик мажбурияти мавжуд эмас.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати