"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИШ – СУВЕРЕН ДАВЛАТНИНГ ЎЗ ИЧКИ ИШИ

1989 йил 21 октябрда, Ўзбекистон ҳали ўз мустақиллигини қўлга киритмай туриб аждодларимиз узоқ йиллар орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ушбу тарихий ҳужжатга кўра, ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Истиқлол йилларида ўзбек тили том маънода давлат тили мақомига эришиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мамлакатда давлат тили ўзбек тилидир, деб қатъий белгилаб қўйилган. Айнан мазкур конституциявий тамойилнинг амалда таъминланаётганини сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, бу борада давлат ва ҳукумат томонидан қатор амалий саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Хусусан, жорий йил 10 апрелдан кучга кирган қонун билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Ундан аввалроқ эса, мамлакат Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, мазкур сана муносабати билан ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар тасдиқланди ва изчил амалга оширилди. Бунда дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият эканлигига алоҳида эътибор берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан эса, ҳукумат таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Айнан ушбу фармон билан бир қатор ташкилотлар қатори «Тараққиёт стратегияси» маркази ва кенг жамоатчиликнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллангани ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора юксалиб бораётганини яна бир бор намоён қилди.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» Фармонининг қабул қилиниши ҳам тилга берилаётган эътиборнинг ҳар томонлама кучайтиришга қаратилиб, бу борада илмий асосларни ҳам мустаҳкамлаш назарда тутилди.

Ўзбек тилига берилаётган алоҳида эътибордан руҳланиб, юртимизда фаолият юритаётган кўплаб дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам турли давраларда айнан ўзбек тилида сўзлаб, маърузалар қилаётганликларини ҳам бу борадаги ислоҳотларимиз самараси сифатида баҳолаш мумкин.

Шу ўринда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан билдирган фикрлари асоссиз ва бир ёқлама эканини таъкидламоқчимиз. Бинобарин, ўз заминида 130 дан ортиқ миллат ва элатни бирлаштириб, тинчлик-хотиржамликда, ҳамжиҳатлик ва тотувликда ҳеч қандай миллатчилик ва шовинизмга йўл қўймасдан,барча миллат вакилларининг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаб, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиб келаётган Ўзбекистонга нисбатан бундай ўринсиз иддао халқаро ҳуқуқий нормаларга мутлақо мос келмайди.

М.Захарованинг айтишича, Ўзбекистонда расмий идораларда ўзбек тилида иш юритишга қаратилган қонун лойиҳасининг тарафдорлари гўёки камчиликни ташкил этаётган эмиш. Шунинг учун рус тилини расмий доираларда тўлалигича сақлаб қолиш Россияда ишлаш ва ўқиш қарорини қабул қиладиган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўғри келармиш.

Афсуски, М.Захарова бу сўзларига ҳеч қандай исбот ва далил келтирмаган, келтиролмайди ҳам. Боиси, мазкур қонун лойиҳаси халқимизнинг катта қисми, шу жумладан, Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаётган бошқа миллат вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда ва уни такомиллаштиришга оид юзлаб таклифлар билдирилмоқда.

Қолаверса, бошқа давлат ташқи сиёсат идораси масъул шахсининг ушбу мавзуга аралашуви на дипломатик, на сиёсий этика ва ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди. Чунки, қонун қабул қилиш бу ҳар суверен давлатнинг ўз ички иши саналади.

Шундай экан, Ўзбекистон ҳам ўз ички сиёсатини ўзи мустақил равишда белгилашга, мустаҳкамлаб қўйилган халқаро стандарт ва нормаларга уйғун тарзда энг асосий миллий ҳуқуқий ҳужжатининг нормаларини мамлакат ҳудудида тўлиқ жорий этишга ҳар томонлама ҳақли. Бундан ким ёки кимлар манфаатдор экани ҳам Ўзбекистон фуқароларига, яъни халқимизга ҳавола.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори