"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Юридик фан ва таълим: катта рағбат ва имконият
120 | 20 Май. 2020 й.

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИГА МУНОСАБАТ

Куни кеча, 2020 йил 29 апрелда Муҳтарам Президентимиз томонидан яна бир оламшумул ҳужжат – “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Айнан ҳуқуқшунос олим сифатида, кўп йиллар давомида юридик таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи сифатида мени тўлқинлантирган жиҳат шу бўлдики, бошқа соҳаларни ҳуқуқий тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар жуда кўп ва кенг қамровли чиқарилади, аммо юриспруденция соҳасида камдан-кам, алоҳида зарурият ва долзарб аҳамият касб этган вазиятдагина Президент томонидан ҳуқуқий ҳужжат чиқаришга мурожаат этилади. Демак, ушбу Фармон ҳуқуқшунослик касби, ҳуқуқшунос олимлар олдига, юридик кадрлар тайёрлаш тизими олдига яна  бир улкан тараққиёт йўлини, катта бир масъулиятни, соф маънода катта бир меҳнатни қўя олади.

Аввало, Фармоннинг номи билан боғлиқ муҳим жиҳатлар шундаки:

  • Ушбу Фармон бутун республика миқёсида, хусусан вилоятларда, шунингдек нафақат олий таълим муассасаси, балки юридик техникум ва юридик лицейларда юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш, ушбу соҳа ривожини кенгайтириш масалаларини ўз ичига қамраб олади;
  • Мазкур Фармон нафақат юридик таълим, балки юридик фанни ҳам ривожлантиришнинг янги ва концептуал масалаларини ишлаб чиқиш, юридик соҳада илмий салоҳиятни янги босқичга олиб чиқишга туртки бўлади;
  • Келгусида юридик соҳа ривожини тубдан такомиллаштириш ва бу борада қўшимча чора-тадбирлар белгилашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур Фармонни қабул қилишга туртки бўлган ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий асослар ҳам борки, улар қуйидагиларда кўринади:

  • Янгича ислоҳотлар олиб борилаётган, Янги Ўзбекистон қуриш учун тинмай изланишлар олиб борилаётган бир пайтда юридик соҳа ривожида ҳам бевосита янгилик ва ўзгаришлар қилиниши айнан зарурат эди;
  • Энг асосийси, Президентимиз Мурожаатномасида “Таълим йўналиши”да белгиланган вазифалар ижросига бағишланганлиги сир эмас. Чунки унда белгиланган мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови 25 фоиздан 50−60 фоизга етказилиши; ўқишга кириш соддалаштирилиши; олий таълим ўқув жараёнида кредит-модул тизими жорий этилиши, 10та ОТМ нинг ўзини-ўзи молиялаш тизимига ўтиши каби муҳим вазифалар ижроси ушбу Фармонда ҳам устуворлик касб этган.
  • Фармоннинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да эълон қилиниши билан ўзаро уйғунлик касб этади;
  • 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг  “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида “Юридик фан ва таълимни такомиллаштириш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш” бандининг реал ижросига бағишланди;
  • “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсад-вазифалари инобатга олинди.

Фармоннинг мазмуни билан боғлиқ айрим муҳим жиҳатлар шундаки:

  • Эндиликда юридик кадрлар тайёрлаш вазифаси фақат ягона Тошкент давлат юридик университетига эмас, балки Фармон орқали Самарқанд, Наманган, Термиз давлат университетларининг юридик факультетлари очилиб, ушбу муассасаларга ҳам шундай масъулият юклатилди. Бу албатта, кенг қамровли юридик кадрлар тайёрлаш соҳасида соғлом рақобатни кучайтиришга, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада оширишга олиб келади;
  • Тошкент давлат юридик университетини “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассасасиэтиб белгиланганлиги ушбу муассаса учун яна катта бир эътироф, аммо катта меҳнатни талаб этадиган мезон саналади ва айтиш жоизки, шу кунгача ҳам юридик соҳадаги бошқа таълим муассасалари учун шундай вазифани бажариб келган;
  • давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий таълимот соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтиниташкил этиш ҳақидаги таклифининг маъқулланиши ва уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиниши ҳам катта бир ҳодиса, ўзгача маъно касб этади. Чунки ўтган йиллар давомида юриспруденция йўналишида айнан катта тажрибага, юқори илмий салоҳиятга эга бўлган, чуқур мушоҳада ва кенг таҳлилни амалга оширишга, йирик тадқиқотлар олиб боришга, катта илмий мактаб яратишга ва қолдиришга қодир ҳуқуқшунос олимлар айнан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Фалсафа ва Ҳуқуқ институтида фаолият олиб борган ва илм йўлида тобланган ва шаклланган катта авлод вакиллари бўлганлиги яна бир ҳақиқатни тасдиқлайди;
  • замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш вазифаси қўйилди. Бу ерда ҳар бир қўйилган талаблар ўз ўрнида ва айнан зарурий талаблар саналиб, унинг ичида аввалги йирик ҳуқуқий ҳужжатлар даражаси қўйилмаган яна бир талаб борки, бу ҳалол кадрлар тайёрлаш масаласининг ўзиёқ ҳар бир юристда нафақат касбий, балки чин инсонийлик позициясини шакллантиришга, ҳушёр ва уйғоқ кўз билан ислоҳотларга қарашга ундайди;
  • юридик кадрларни аниқ буюртма асосида ва энг асосийси, мақсадли тайёрлаш вазифалари қўйилди. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олиниб, қабул жараёнлари ва ишга тақсимлаш вазифалари ҳал қилинади;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ТДЮУ магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилиш, базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурларини жорий этилишининг ўзи қувонарли ҳолат, чунки бу тартибни кўплаб суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият юритаётган, иш ва таълимни бирга олиб боришни хоҳлаган ёшлар учун катта воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди;
  • базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви марказий органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни магистратурага ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиш учун қабулини тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра, кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари амалга ошириш ҳам касб, иш ва таълим рағбатини янада оширади, ёш ходимларни ўзи ишлаётган маъмуриятга ва касбига нисбатан ишончини янада кучайтиради;
  • “юриспруденция” йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчиларни ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилиш тартибини жорий этилиши ҳам нафақат Тошкент давлат юридик университетида, балки юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда таълим сифатини оширишга, сифатли юридик кадрлар тайёрлашга, илмий салоҳиятни кўтаришга олиб келади.
  • базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасигакириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда, кириш ҳуқуқига эгалиги бевосита юридик техникумларда ишлаётган ходимлар ва раҳбар кадрлар меҳнатини янада рағбатлантиради ва бу иш унумдорлигини оширишга, ёшлар билан ишлаш тизимини мустаҳкамлашга фақат ижобий таъсир кўрсатади. Чунки ТДЮУ ни битирган, аммо оиласи, касби нуқтаи назаридан бакалавр дипломи билан марказда ва вилоятларда қолган, вилоятларда жойлашган юридик техникумларда ишлаётган ёш ходимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади;
  • хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган келишувлар асосида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда ТДЮУ,юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда қўшма факультетлар ташкил этиш ва юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг қўшма таълим дастурларини ҳамда қўшма факультетларини тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирган шахсларга берилган хорижий таълим муассасаларининг белгиланган шаклдаги дипломлари (бакалавриат, магистратура) Ўзбекистон Республикасида қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади. Бу қоида ҳам юридик таълимда биринчи марта хорижий ОТМ лар билан қўшма таълим дастурлари ташкил этишни йўлга қўйиб, уни битирганларга катта имтиёз ва имконият бераяпти.
  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқалитўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқарикириш ҳуқуқига эгаБу тартиб келгусида Академик лицей обрўси ва нуфузини оширишга, у ерда ўқиш кафолатини мустаҳкамлашга, келгусида лицейга ҳужжат топширувчилар сони ошишига, энг асосийси, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатади.

Фармонда профессор-ўқитувчилар учун кутилмаган, аммо шундай бўлишини жуда хоҳлаган янги тартиб-қоида мустаҳкамланди. Жумладан, ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларнинг педагоглар таркиби томонидан адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан ҳамда ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларда асосий иш жойи сақланган ҳолда адвокатлик фаолиятини амалга ошириш тартибини ўрнатиш бўйича уч ой муддатда таклифларни киритилиши кўрсатилди. Бу тартиб амалиётга жорий этилса, биринчидан, юриспруденцияда махсус кафедралар ва махсус фанлар ривожи кўзга яққол кўзга ташланади; иккинчидан, талабаларга дарс бераётган ўқитувчиларнинг назарий ва амалий иш тажрибаси узвийлиги таъминланади; учинчидан, профессор ўқитувчиларнинг фанлар бўйича “модул папкалари”, “казус ва кейслар яратиш” борасидаги маҳорат ва кўникмалари янада ошади; тўртинчидан, шу кунгача амалда ўқитувчилик ва адвокатлик касбини бирга олиб бораётганларнинг фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланади; бешинчидан, адвокатлик лицензияси бўлиб, айни кунларда ишлаш шароити бўлмаётган кўплаб ўқитувчиларга яхши имконият яратилади; олтинчидан, тайёрланаётган бир қатор ўқув ва илмий адабиётлар амалиёт материаллари билан яна бойитилади; еттинчидан, профессор-ўқитувчилар томонидан ўтилаётган маъруза ва семинар (амалий машғулот)ларда янги амалиёт материаллари ва статистик маълумотлар шарҳи берилишига ва талабаларга таҳлил қилиш имконияти яратилишига ёрдам беради.

Муносабат якунида Муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатномада айтган “Биз ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли буюк халқмиз” деган сўзлари шахсан мен ва мен сингари ҳуқуқшунос олимлар учун фаолиятимиз шиори бўлиб қолган. Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилар жамоаси яна ишлашга, янги дастурлар яратишга, Фармоннинг ҳар бир бандида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлашга астойдил хизмат қилишга тайёрмиз. Чунки Тошкент давлат юридик университети (аввалги институт)да ўқиб, диплом олиб, мана шу ерда ишлаб, қатор илмий даража ва унвонларга сазовор бўлган ҳар бир ходим, профессор-ўқитувчи, ҳуқуқшунос олимнинг мақсади ҳам аслида шундай.

Замира Эсанова ТДЮУ профессори


0
Похожие новости