"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Тошкентда Марказий Осиёда ягона Болалар миллий тиббиёт маркази ишга туширилди


“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 198-бандида белгиланган Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлардан бири – “Тошкент шаҳрида Кўп тармоқли болалар тиббиёт марказини фойдаланишга топшириш” вазифасининг ижроси ҳам таъминланди.

Қиймати 130 млн. АҚШ долларидан зиёд бўлган тиббиёт маркази Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида қад ростлади. Марказ Корея Республикаси кўмагида, «Баум» корпорацияси лойиҳасига кўра барпо этилди. Бу юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатишга ихтисослашган Марказий Осиёда ягона ушбу турдаги болалар тиббиёт муассасасидир. Бу ерда йилига 1,5 мингдан ортиқ ноёб жарроҳлик амалиётларини бажариш имконияти мавжуд.

Тўрт қаватли даволаш корпуси 280 та ўринга эга ҳамда поликлиника кунига 250 нафаргача беморни қабул қила олади. Марказ магнит резонанс томографи, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Муассасада фаолият юритиш учун 100 нафардан ортиқ врач ва ҳамширалар Жанубий Кореяда малака ошириб келишди.

Эътиборга молик жиҳати, жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар ва ОТМлар операцияларни онлайн тарзда кўриб туриши мумкин. Замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этилади, даволашнинг таъсирчан усуллари муҳокама қилинади.

Маълумот ўрнида, 2020 йилги Давлат дастурининг 198-бандига мувофиқ, яна қатор устувор вазифалар белгиланган. Яъни, 228 та тиббиёт муассасасида, жумладан, 9 та республика тасарруфидаги, 43 та вилоят муассасаси, 47 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 29 та қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси, қишлоқ врачлик пункти, 100 та бошқа тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, тиббиёт муассасаларини зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Мазкур банднинг тўлиқ ижроси йил давомида таъминланиши белгиланган ва давлат бюджети маблағларидан – 1,1 трлн. сўм, Халқаро молия институтлари маблағларидан – 83,9 млн. АҚШ доллари жалб этилиши кўзда тутилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати