"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: МАДАНИЯТ СОҲАСИ ТУБДАН ИСЛОҲ ЭТИЛМОҚДА


Маълумки, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 218-бандида Маданият соҳасини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш масаласи белгиланган эди.

Ушбу банд ижросини таъминлаш мақсадида эса, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда Маданият вазирлиги ташкилий тузилмаси ва ҳудудий тузилмалари вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқиш, маданий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш, бундай тадбирларга санъаткорларни шартнома асосида жалб қилиш каби чора-тадбирлар акс эттирилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 26 майда имзоланган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор Давлат дастурининг 218-банди ижросини таъминлашга қаратилгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Фармонга кўра:

2020–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури;

Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясининг 2021–2025 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилиши;

концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилиниши;

давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб, уларнинг ташаббуслари билан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режалари асосида ўтказилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг календарь режаларда назарда тутилмаган давлат тадбирларини ўтказишни назарда тутувчи қарорларида ушбу тадбирларни ташкил этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича буюртмачилар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари кўрсатилиши;

концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча хизматлар ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этилиши (концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бундан мустасно) белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:

давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади;

Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилади.

Фармон билан:

Маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуслари маъқулланди.

Маданият вазирлиги марказий аппарати тузилмасида маданият муассасалари ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва рақамлаштириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозими жорий қилинади.

Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилди.

Қуйидаги муассасалар фаолияти йўлга қўйилади:

Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари;

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти;

Маданий мерос илмий-тадқиқот институти;

Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи;

В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаблари;

Маданият вазирлиги тизимида Республика мусиқа ва санъат коллежи.

Шу билан бирга, 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинади ҳамда шу кунлари фуқаролар давлат музейларига бепул киритилади.

Бундан буён ҳар йили 15 апрель санаси “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни” сифатида нишонланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази тўлиқлигича Маданият вазирлиги тизимига ўтказилади.

Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан эса, Маданият вазирлиги фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида:

“Ахборот ва компьютер технологиялари маркази” давлат муассасаси “Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази” давлат муассасаси этиб қайта номланмоқда ҳамда Маданият ва санъат кўргазмаси билан Ёшлар маданият ва санъат маркази тугатилиб, уларнинг бюджетдан молиялаштириладиган штат бирликлари, балансида бўлган бинолар ҳамда бошқа моддий-техника воситалари Маданият вазирлигига ўтказилмоқда;

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг барча ҳудудий бошқармалари тузилмасида тегишлича юридик шахс мақомига эга бўлмаган Бадиий экспертиза бошқармаси ҳамда бадиий экспертиза бўлимлари ташкил этилмоқда;

Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Маданий мерос тиклаш-таъмирлаш” давлат унитар корхонаси ҳамда Департамент ҳузуридаги “Мерос чашмаси” давлат унитар корхонаси тугатилиб, уларга тегишли бинолар ҳамда бошқа моддий-техника воситалари белгиланган тартибда Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига ўтказилмоқда;

Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизматининг номи Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси этиб қайта номланмоқда;

“Гулистон”, “Театр” ва “Мозийдан садо” журналлари таҳририятлари ягона таҳририятга бирлаштирилмоқда.

Шунингдек, Қарорга кўра:

Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш, геодезия ва картография фаолияти, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият турларини тегишли лицензияларни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданият вазирлиги тизимига ўтказилмоқда.

Ушбу Қарор билан:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ташкилий тузилмаси;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси;

ҳудудий маданият органлари ходимларининг чекланган сони тасдиқланди.

Қарорда Вазирлар Маҳкамаси зиммасига:

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги;

Департамент фаолиятини такомиллаштириш ва барқарор равишда молиялаштириш, ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантиришни кучайтириш, шу жумладан, уларга хизмат қилган умумий иш стажи, илмий унвон ва даражага эга бўлгани учун устамалар белгилаш, моддий-техника базасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги;

Маданий бойликларни реализация қилиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги қарор лойиҳаларини киритиш вазифалари юклатилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати