• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2020 йилда хусусий нотариуслар учун қандай имкониятлар яратилди?


2019 йилги Давлат дастурининг 48-бандида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 16 март куни
“Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда хусусий нотариус фаолиятини лицензиялаш, уларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Хусусий нотариус юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритади, банкда ҳисобварақ очади, ходимлар билан меҳнат шартномаси тузади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ва юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Хусусий нотариус ўз фаолиятини бошлашдан олдин фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.

Нотариуснинг номида “хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус” сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Хусусий нотариуснинг муҳри Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.

Хусусий нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, курьер ва б.) эга бўлиши мумкин.

Хусусий нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини мустақил белгилайди.

Нотариал ҳаракатлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Хусусий нотариус томонидан ундириладиган тушумлар давлат бюджетига солиқлар ва бошқа тўловлар тўлангандан сўнг нотариуснинг тасарруфига ўтади.

Бундан ташқари, 2020 йил 4 апрель кунги Ҳукумат қарори билан Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари тасдиқланди.

Мазкур қоидаларга мувофиқ, нотариус нотариал фаолиятни амалга оширишда мажбурий суғурта шартномасини тузиши шарт, шартнома тузмасдан туриб ўзининг мажбуриятларини ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Хусусий нотариуслар учун мажбурий суғурта суммаси:

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятларнинг маъмурий марказларида – БҲМнинг камида 1000 бараваридан (223 млн сўм);

бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг камида 500 бараваридан (111 млн 500 минг сўм) кам бўлиши мумкин эмас.

Мажбурий суғурта шартномасида суғурта қилдирувчи нотариал ҳаракатларни амалга оширганда наф олувчига етказилган зарар туфайли келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича суғурта тўловларини амалга ошириш назарда тутилади, маънавий зарар, бой берилган фойда ва жарима тўловлари бундан мустасно.

Ҳужжатда суғурта қилдирувчи суғурталовчини ихтиёрий танлаши мумкинлиги ҳамда мажбурий суғурта шартномаси 1 йил муддатга тузилиши қайд этилган.

Шартнома бўйича суғурта мукофотининг ҳажми томонларнинг келишуви билан белгиланади, бироқ шартномада белгиланган суғурта суммасининг 1 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шу билан бирга 2020 йил 11 апрель куни “Хусусий нотариал фаолиятни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, ҳудудий адлия органларига бириктирилган ҳамда давлат нотариуслари фойдаланувида бўлган бино ва иншоотларни хусусий нотариусларга ижарага бериш, шунингдек идора инвентарларини сотиш ҳудудий адлия органлари ҳамда хусусий нотариуслар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Давлат нотариуслари бино ва иншоотларни ижарага олишда хусусий нотариусларга нисбатан устунликка эга бўлади.

Бунда, давлат нотариуси бино ва иншоотларни ижарага олишни ёзма равишда рад этса ёки 2 ой давомида устунлик ҳуқуқидан фойдаланмаса ушбу бино ва иншоотлар хусусий нотариусларга ижарага берилади.

Давлат идораси инвентарлари уларни сотиб олиш истагини билдирган хусусий нотариусларга баланс қийматида сотилади.

Бино ва иншоотлар хусусий нотариуслар томонидан ижарага олинмаган ҳолларда уларда давлат нотариуслари жойлаштирилиши, ҳудудий адлия органлари томонидан фойдаланилиши ёки ижарага берилиши мумкин.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати